Наманган вилоятида жиноят ишини ёпиш эвазига 40 минг АҚШ доллари талаб қилган терговчи ва воситачилик қилган адвокат қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда маълум қилинди.
Маълумотларга кўра, Наманган вилояти ИИБ Тергов бошқармаси терговчиси ўз юритувидаги Чуст туманида яшовчи 20 ёшли фуқарога нисбатан қўзғатилган жиноят ишини якунлаш эвазига ноқонуний равишда пул талаб қилган.
У мазкур жараёнда ишга алоқаси бўлмаган адвокат орқали воситачилик йўли билан 40 минг АҚШ доллари олишни ташкил қилган.
Тезкор тадбир давомида адвокат гумонланувчининг отаcидан талаб қилинган маблағни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Шундан сўнг, терговчи ҳам адвокатдан 30 минг доллар олган вақтда қўлга олингани маълум қилинди.
Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) ва 212-моддаси (пора олишда воситачилик қилиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Суд қарорига кўра, иккаласига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.






