Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги 238-мактабнинг 9-11-синф ўқувчи қизлари билан болалар гинекологи томонидан ўтказилган суҳбатнинг ёзиб олинган аудиоси тарқаб кетди.
Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизматининг ҳолат юзасидан хабар беришича, мамлакатимизда эрта туғруқларни олдини олиш, ёшларнинг репродуктив саломатлигини асраш, жинсий зўравонликларни профилактика қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Учтепа туман тиббиёт бирлашмаси болалар гинекологи томонидан 238-мактабнинг юқори 9, 10, 11-синф ўқувчи қизлари иштирокида ўтказилган давра суҳбати ҳам шу мақсадда ташкил этилган.
Давра сухбати Олий Мажлис Сенати қарорлари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруқлари асосида ташкил қилинмоқда.
Бу каби ўсмирлик физиологияси, репродуктив саломатликка оид сухбатларни барча умумтаълим муассасаларининг юқори синф ўқувчилари билан режага мувофиқ ўтказиш белгиланган.
Суҳбатлар давомида ўқувчи қизларга болалар гинекологи томонидан қизларнинг 16-18 ёшларда она бўлиши салбий оқибатларга олиб келиши, кўп ҳолларда бундай ёшдаги қизларнинг соғлом фарзандни дунёга келтиришида турли муаммолар келиб чиқиши тўғрисида тушунтиришлар бериб борилади.






