Уч йил аввал ортиқча тўланган пенсия қайта ундирилмайди. Бу тартиб 2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида тасдиқланди.
2021 йил 1 июнгача ногиронларни қўллаб-қувватлаш бўйича:
● протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш сертификат бериш тизимига ўтказилади. Бунда фуқароларга давлат берган пул эвазига исталган ишлаб чиқарувчидан протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари сотиб олиш имконияти берилади;
● ногиронлиги аниқ кўриниб турганларга текширувдан ўтказмасдан туриб, ногиронликни муддатсиз даврга белгиланади.
Пенсия ва нафақалар тайинлашни осонлаштириш мақсадида 2021 йил 1 июндан:
- 2005 йилдан олдинги давр учун иш стажи меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар асосида тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобланади;
- уч йил ва ундан аввал тайинланган, қайта ҳисобланган пенсия ва нафақаларни текшириш ҳамда улар бўйича аниқланган ортиқча тўловни ундириш бекор қилинади;
- ишловчилар ишламайдиган турмуш ўртоқлари келажакда пенсия олиши учун ўз даромадидан ҳар ойда ижтимоий солиқ тўлаши мумкин;
- пенсия ва нафақалар хоҳишга кўра доимий ёки вақтинча яшаш жой бўйича тўланади;
- пенсия ва нафақаларни нақд пулсиз шаклда олиш учун аризалар банкда ёки электрон шаклда расмийлаштирилади;
- пенсияга бўлган ҳуқуқи йўқолганлиги тегишли идоралар томонидан бериладиган электрон маълумотлар асосида аниқлаш орқали пенсияларни нақд пулсиз шаклда олувчилар томонидан ҳар 6 ойда Пенсия бўлимига келиш ҳамда масъул ходимнинг жойларга чиққан ҳолда мониторинг ўтказиш мажбурияти бекор қилинади.






