Аввал хабар берилганидек, бугун, 5 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Ялпи мажлисда бир қатор масалалар муҳокама қилинмоқда.
Хусусан, Сенат Раиси Танзила Нарбаева Олий мажлис юқори палатасининг 2020 йилдаги фаолияти ва жорий йилга мўлжалланган устувор вазифаларига ҳам тўхталиб ўтган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати хабар бермоқда.
"– Ўтган йил парламент, жумладан, Сенат учун ҳам муҳим йил бўлди. Янги сайланган таркиб сифатида фаолиятимизнинг илк йили мураккаб ва синовли даврга тўғри келди. Асосий эътибор Конституция ва қонунларда белгиланган ваколатлар, давлатимиз раҳбарининг ўтган йилнинг январь ойида янги сайланган парламент аъзолари билан бўлган учрашувларда ҳамда Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган, қолаверса, пандемия шароитида вужудга келган долзарб вазифаларни тўла-тўкис амалга оширишга қаратилди. Сенат фаолияти бир кунга бўлса-да, тўхтаб қолгани йўқ. Қайси қонун ёки Давлат дастури ижроси ўрганилмасин, қайси ҳудудга чиқилмасин, қайси вазир ёки ҳокимнинг ҳисоботи эшитилмасин, аввало, бу одамлар учун қандай наф келтиради, аҳолини бугун нима кўпроқ ташвишга соляпти, уни ҳал қилиш учун нима қилиш керак, деган содда ва аниқ ёндашувга таянилди. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид муаммоларни ўрганиш якунлари бўйича Ҳукуматга 3 мингдан ортиқ масалани ҳал этиш учун қарийб 28 трлн. сўм маблағ ажратишга доир таклифлар киритилди. Мазкур таклифлар асосида биргина жорий йилнинг ўзида Давлат бюджети параметрлари ва инвестиция дастурлари доирасида 8 трлн. сўмдан ортиқ маблағ ажратилишига эришилди, – деди Сенат раиси Т.Нарбаева.






