АсосийJinoyat

Самарқандда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг сохта ходими аниқланди

'Самарқандда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг сохта ходими аниқланди'ning rasmi

2021 йилнинг 21 январь куни Самарқанд вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро М.С. ушбу ҳудуддаги олий таълим муассасаси раҳбариятига қўнғироқ қилади.

Ўзини Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходими сифатида таништириб, мазкур университет талабаси - таниши Д.Ю. ҳамда гуруҳнинг бошқа 17 нафар талабасига чет тили фани бўйича ўтказилаётган давлат имтиҳонидан қониқарли баҳо қўйишни талаб қилади.

Фуқаронинг ушбу ноқонуний талаби олий таълим муассасаси томонидан қондирилмагач, фуқаро М.С. такроран қўнғироқ қилади ва  таҳдид қилади.

Жорий йилнинг 29 январь куни мазкур ҳолат юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлигига мурожаат келиб тушди.

Шу муносабат билан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда тегишли идоралар томонидан ўтказилган терговга қадар текширув давомида фуқаро М.С.нинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари тўғрисида олинган дастлабки маълумотлар ўз тасдиғини топди.

Ҳолат юзасидан жорий йилнинг 3 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида мазкур иш кўриб чиқилди.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг қарори билан фуқаролар М.С. ва Д.Ю. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 197-5-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, тегишли жазо тайинланди.

Бошқа янгиликлар