Бухоро Марказий деҳқон бозорида интернет нашри вакилларига тўсқинлик қилингани акс этган видео тарқалган эди.
Ҳолат юзасидан Бухоро вилояти прокуратураси расмий баёнот берди.
Вилоят прокуратураси томонидан жорий йилнинг 6 февраль куни “Bukhara News” интернет нашри вакилларининг қонуний фаолиятига Марказий бозор маъмурияти томонидан тўсқинлик қилинганлиги ҳолати ўрганиб чиқилди.
“Bukhara News” интернет нашри 11.10.2019 йилда оммавий ахборот воситаси сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат рўйхатидан ўтказилган.
Аниқланишича, “Bukhara News” интернет нашри ходимлари томонидан “Бухоро Марказий деҳқон бозори”да “Вилоятда ишга кириш” мавзусида аҳоли орасида ижтимоий сўровнома ўтказилаётган вақтда бозор назоратчилари Т.Р ва М.А томонидан уларга тўсқинлик қилиниб, уларнинг қўлларидаги микрофон ва уяли алоқа телефонлари олиб қўйилган.
Шунингдек, “Bukhara News” интернет нашри ходимлари Ш.Ҳ ва Д.А лар билан ўтказилган суҳбат давомида назоратчилар Т.Р ва М.А лар уларни ҳақорат қилиб, бозордан чиқариб юборганликларини билдиришди.
Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар ИИБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.






