АсосийJamiyat

Косон тумани ҳокими хизмат машинасида уриб юборилган пиёда воқеаси бўйича тарқалган миш-мишларга ойдинлик киритди

'Косон тумани ҳокими хизмат машинасида уриб юборилган пиёда воқеаси бўйича тарқалган миш-мишларга ойдинлик киритди'ning rasmi

Хабарингиз бор, яқинда Косон ҳокимининг хизмат машинаси  одам уриб юборгани, машинани ҳокимнинг ўзи ёки ўғли бошқаргани ҳақида ҳар хил хабарлар тарқалганди. 

 “Nasafnews” мухбирига туман ҳокими Асрол Бойкараевнинг айтишича, 2020 йил 12 декабр куни ҳайдовчи вазифасини вақтинча бажариш юклатилган Раҳим Жўраев йўлнинг чап томонидан ўнг томонига кесиб ўтаётган пиёдани «Каптива»да уриб юборган.

У берган маълумотга кўра, ҳайдовчи воқеа жойидан қочиб кетмаган. 

«Энди яна бир саволга аниқлик киритиб ўтсам, туман ҳокими машина ичида бўлган деган гаплар ҳам тарқатилди. Мен машинани ичида бўлсам, воқеага гувоҳ бўлсам буни яширмайман. Аммо воқеага гувоҳ бўлмасдан туриб, гувоҳ бўлдим деб ҳам айтолмайман.Нега машинани туман ҳокими ҳайдовчиси эмас, унинг биринчи ўринбосари ҳайдовчиси бошқарган деган саволлар ҳам туғилиши мумкин. Туман ҳокими ҳайдовчиси соғлигида муаммоси борлиги туфайли даволанишга чиққанди. Касаллик тарихи ҳам туман тиббиёт бирлашмасида қайд этилган. Шу туфайли вақтинча менинг хизмат машинамни бошқариш ҳуқуқи биринчи ўринбосаримнинг ҳайдовчиси Раҳим Жўраевга юклатилган.У ҳам кимнидир атайин уриб юбормаган. Унинг ҳам ёши катта, тажрибали ҳайдовчи. Болалари, неваралари бор. Ҳозирда унга ҳам осон эмас.

Тўғри, яқин инсонидан айрилиш ҳаммага ҳам оғир ботади. Шу боис Косон тумани ҳокимлиги мазкур оилага ҳамдардлик билдириб келган ва уларни ёлғизлатиб қўймаслигини эслатиб ўтаман. Бир неча бор, вафот этган фуқаронинг ўғли билан, оила аъзолари билан суҳбатлашдим. Ҳамдардлик билдирдим. Бундан кейин ҳам уларни ташлаб қўймаймиз», – дея фикр билдирган ҳоким.

Асрол Бойкараевнинг қўшимча қилишича, ҳолат бўйича тергов ишлари якунланган.

«Шу ўринда воқеа ижтимоий тармоқларда нотўғри талқин қилинишига ўзимиз ҳам айбдормиз. Ҳокимлик ахборот хизмати воқеа бўйича маълумотни вақтида бермаган. Вақтида бермаганига сабаб , ҳали тергов якунланмаганди. Вилоят ички ишлар бошқармаси маълумотини кутган. Агар ўшанда биздан ҳолат бўйича боғланган мухбирга тўлиқ маълумот берганимизда айрим миш-мишларга асос қолмасди. Лекин яна бир жиҳатни ҳам эътиборга олишларингизни сўрардим. Воқеа тергов билан боғлиқ жараён. Шу туфайли биз тергов хулосасисиз аниқ бир маълумотни эълон қилолмасдик. Ҳозирда тергов якунланган. Р. Жўраевга қўзғатилган иш судга ўтказилган», – деди туман ҳокими.

Мавзуга доир

Қашқадарёда ҳокимнинг хизмат машинаси уриб кетган йўловчи воқеа жойида вафот этди

    Бошқа янгиликлар