Пенсия жамғармаси матбуот хизматининг маълумотига кўра, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасида, гипофизар миттилик касалига чалинганлар (лилипутлар) ва гавда тузилишида мутаносиблик бузилган паканалар, эркаклар иш стажи камида 20 йил ва аёллар иш стажи камида 15 йил бўлган тақдирда умумий пенсияга чиқиш ёшини 15 йилга қисқартирган ҳолда имтиёзли равишда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлиши назарда тутилган (эркаклар – 45 ёшдан, аёллар – 40 ёшдан).
Маълум бўлишича, бугунги кунда миттилик касалигига чалинган 42 нафар фуқарога (шундан: эркаклар 17 нафар, аёллар 25 нафар) умумий белгиланган пенсия ёшидан 15 йил олдин имтиёзли пенсия тайинланиб тўланмоқда.
Маълумот учун: Тошкент шаҳар – 9 та, Бухоро вилояти – 7 та, Наманган вилояти – 5 та, Фарғона вилояти – 5 та, Андижон вилояти – 4 та, Самарқанд вилояти – 3 та, Хоразм вилояти – 3 та, Сурхондарё вилояти – 2 та, Тошкент вилояти – 2 та, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида – 1 та.
Қонуннинг 7-модасида, умумий асосларда ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эркаклар 60 ёшга тўлганда иш стажи камида 25 йил ва аёллар 55 ёшга тўлганда иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўлиши назарда тутилган.






