Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон фуқароларининг вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланиш мақсадида Россия ҳудудига кириши учун рухсатнома олиб бериш бўйича хизматлар таклиф этилмоқда.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот котибининг баёнотига кўра, чет эл фуқароларининг Россияга кириши бўйича Россия Федерацияси Ҳукуматининг 2020 йил 16 мартдаги N 635-р-сонли «Россия Федерациясига чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг киришини вақтинча чеклаш, визалар ва таклифномаларни беришни вақтинча тўхтатиб туриш тўғрисида»ги фармойиши билан қатор чекловлар жорий этилган.
" - Ушбу фармойиш бугунги кунга қадар амалда ва юртдошларимизнинг индивидуал тарзда вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланиш мақсадида Россия ҳудудига киришига рухсат йўқ. Фақатгина Россия Ҳукуматининг коронавирусга қарши штаби томонидан чегара хизматларига тақдим этилаётган рўйхат асосида ташкилий тарзда ишга юборилаётган шахслар ушбу мамлакатга киритилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган чет эл фуқаросининг вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланиши учун Россия ҳудудига кириш ҳуқуқини берувчи рухсатноманинг мазкур шакли виза талаб этиладиган давлатлар фуқароларига берилади. МДҲ, шу жумладан, Ўзбекистон фуқаролари учун эса рухсатноманинг мазкур шакли тадбиқ этилмайди.
Шу ўринда юртдошларимиздан Россия Федерацияси ҳудудига олиб кириб қўйиш хизматларини таклиф этаётган шахсларга ишонмасликларини ва турли йўллар билан ушбу мамлакатга ноқонуний кириб боришга уринмасликларини тавсия қиламиз.
Россияда ишлаш ва ишлаш мақсадида ушбу давлатга бориш тартиби ҳақида маълумотлар олиш учун юртдошларимиз Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига мурожаат қилишлари мумкин", дейилади баёнотда.






