АсосийJamiyat

Келинлик уйида рўйхатда турмаган келинлар боласи билан кўчада қоладими?

'Келинлик уйида рўйхатда турмаган келинлар боласи билан кўчада қоладими?'ning rasmi

"Даракчи" таҳририятига Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида яшовчи фуқаро Т.Содиқовдан мурожаат келиб тушди:  

— 2003 йил қизимни турмушга берганман. Эр-хотин бўш ер сотиб олиб, уй қуришган. 4 нафар фарзандли бўлишди. 2006 йил келин бўлиб тушган уйи сотилиб, рўйхатдан ўчган ва паспортини янгилаган. Аммо паспортда рўйхатга олингани ҳақида маълумот йўқ. Эри ва болалари ҳам у уйда рўйхатга олинмаган. Уйни кадастр ҳужжати йўқ, деб баҳона қилинган. Асли бошқа уйда яшайдиган қайнонасининг номига кадастр ҳужжати қилинган. Оилавий сабабларга кўра, қизим ва болалари 2015 йил декабридан биз билан яшайди. 2016 йилда уй-жой масаласида қуда тарафга мурожаат қилганимизда, “рўйхатда йўқсан”, деган жавобни беришди. 4 нафар боласи билан кўчада қолаверадими?  

Фуқаронинг мурожаатига жавоб олиш мақсадида Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси Жасур СИРОЖЕВ билан боғландик...  

— Оила кодексининг 23-моддасига асосан, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.

Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 481-моддасига асосан, кўчмас мулкни сотиш шартномасига биноан кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқининг сотиб олувчига ўтганлиги давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Юқоридаги ҳолат бўйича агарда кўчмас мулк сотиб олинишида амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилган ҳолда, кўчмас мулк сотиб олинган бўлса, шунингдек, ушбу кўчмас мулк тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтган бўлсагина, ушбу мулк бўйича низолашишга йўл қўйилади.

Маълумот тариқасида билдириладики, амалдаги Уй-жой кодексининг 32-моддасига асосан, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар. Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Уй, квартиранинг мулкдори билан унинг собиқ оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади.

Юқоридаги ҳолат бўйича, агарда фуқаро турар жойда доимий рўйхатдан ўтмаган ҳолатда истиқомат қилиб келаётган вақтда, тегишли равишда уй-жой олди-сотди шартномаси расмийлаштириш давомида доимий рўйхат асосисиз яшаб келаётган ва мулкдор бўлмаган фуқаронинг розилиги талаб этилмайди.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

    Бошқа янгиликлар