Ижтимоий тармоқларда, телеграм каналларда тиббий ниқоблари билан боғлиқ турли аудиохабарлар тарқалмоқда. Унда айтилишича, кўчада ўғриликнинг янги кўринишдаги усули пайдо бўлган. Яъни, нотаниш одамлар эшикма-эшик юриб, тиббиёт ниқобларини текинга тарқатиб, янги ниқоб ишлаб чиқараётганлигини ва ҳар жиҳатдан одам юзига мос тушиши ёки йўқлигини аниқлаб беришни сўрашаётган экан.
Шунингдек, овозли хабарда бу каби юз ниқобларини асло тақиб кўрмасликни, мазкур ниқобга наркотик таъсирга эга кимёвий воситалар билан ишлов берилгани, хлороформ сепилгани ҳам айтилмоқда. Хлороформ одамни ҳушдан кетқизади, бу орқада талончилар уйни тунаётганликларини айтиб, огоҳликка чақирган. Бундан ташқари, хабарда бу каби ҳолатлар асосан Сергели туманида учраётгани алоҳида қайд этиб ўтилган.
Биз масалага ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИБ матбуот хизмати билан боғландик. Матбуот хизмати томонидан тарқалган хабар ҳақиқатдан йироқ эканлиги, бу каби ҳолатлар юз бермаганлиги айтилди.
Ҳурматли юртдошлар, ҳар қандай ёлғон хабарларга ишониб ваҳимага тушмасликни сўраймиз. Миш-мишлардан келиб чиққан асоссиз сохта маълумотларни тарқатмасликни, ваҳима ва миш-мишлар манбаи бўлмасликни, агарда сизда бирор-бир маълумот бўлса, Ички ишлар органлари билан боғланиб, уни аниқлаштириб олишингизни сўраймиз, дейилади Тошкент шаҳар ИИб матбуот хизмати хабарида.






