АсосийJamiyat

Ҳамма "каттакон" участка нозирига буйруқ беради. Ўзи энг катта меҳнаткаш - профилактика инспектори — Президент

'Ҳамма "каттакон" участка нозирига буйруқ беради. Ўзи энг катта меҳнаткаш - профилактика инспектори — Президент'ning rasmi

Аввал хабар берганимиздек, Президент Шавкат Мирзиёев 12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида иштирок этди.

Йиғилишда жиноятчиликни маҳаллаларда жиловлаш, профилактика инспекторининг иш юкламасини енгиллаштириб, натижадорлигини ошириш масалаларига алоҳида аҳамият қаратилди.

- Қайси ҳоким профилактика инспекторини қабул қилиб, гаплашди? Унинг бир кунлик ишини, оилавий шароитларини ўрганди? Ҳамма "каттакон" участка нозирига буйруқ беради. У ҳамма нарса билан шуғулланяпти, кўп вақт йўқотяпти, асосий иши қолиб кетяпти. Ўзи энг катта меҳнаткаш - профилактика инспектори. Агар унга шароит яратсак, у давлатдан рози бўлиб ишласа, кўп масалалар ҳал бўлади, - деди Президент.

Ички ишлар идораларининг барча бўғинида қоғозбозлик ва бюрократияни кескин камайтириб, иш юритишни рақамлаштириш вазифаси қўйилди. Шу мақсадда Ички ишлар вазирлигида ахборот технологиялари бўйича алоҳида вазир ўринбосари лавозими жорий этилгани маълум қилинди.

Соҳа учун профессионал кадрлар тайёрлашни янги босқичга кўтариш, профилактика инспекторлари ва терговчиларнинг билимини ошириш бўйича топшириқлар берилди.

- Ички ишлар ходимлари туну кун, ҳар қандай шароитда эл хизматида, - деди Президент. - Бу пандемия шароитида, Бухоро ва Сардобадаги оғир кунларда яққол кўринди. Бошқа пайт ҳам хавф-хатар доим уларнинг ёнида. Иш ҳақини белгилашда буни инобатга олиш зарур. Шунинг учун, жорий йилда барча ички ишлар ходимлари иш ҳақи 30 фоизга, жамоат хавфсизлигини таъминлашга бевосита жалб этилган, содда қилиб айтганда, маҳаллада хизмат ўтовчи ходимлар иш ҳақи эса 60 фоизга оширилади.

Йиғилишда айрим тузилмалар раҳбарлари лавозимидан озод этилди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан ички ишлар вазири, ҳуқуқ-тартибот идораларининг ҳудудий бошқармалари раҳбарлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ва вилоят ҳокимлари ахборот берди.

    Бошқа янгиликлар