Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси реконструкция қилиниб, 8 минг ўринли масжид қурилади. Мажмуа атрофида тўртта улкан минора қад ростлайди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳокимлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев 11 февраль куни Самарқанднинг туризм салоҳиятини, шу жумладан, зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича лойиҳалар билан танишган. Мазкур тақдимот чоғида ислом оламидаги энг муқаддас қадамжолардан бири — Имом Бухорий мажмуаси ва унинг атрофида амалга ошириладиган қурилиш-бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари ҳақида маълумот берилган. Давлат раҳбари ушбу зиёратгоҳда олиб борилиши режалаштирилган лойиҳа бўйича яна бир бор ўз тавсияларини билдириб, мутасаддиларга зарур топшириқлар берган.
Шундан сўнг, 13 февраль куни Имом Бухорий мажмуасида Мусулмонлари идораси, мутасадди вазирлик ва идоралар масъуллари, Самарқанд вилояти жамоатчилиги вакиллари ва оқсоқоллар иштирокида лойиҳани амалга ошириш олдидан тадбир ўтказилган. Қуръон тиловат қилиниб, қурбонлик амалга оширилган. Хусусан, лойиҳа юзасидан жамоатчиликка батафсил маълумот берилган.
Таъкидланишича, мажмуадаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари жараёнида Имом Бухорий мақбараси ҳозирги кўриниши сақланган ҳолда реконструкция қилинади. Шу пайтгача мақбара остидаги қабрни зиёрат қилиш учун етарли шароит мавжуд бўлмаган. Янги лойиҳада қабр атрофини кенгайтириб зиёратчилар учун ҳар томонлама қулайлик яратиш кўзда тутилган.
Шунингдек, саккиз минг ўринли муҳташам масжид қурилади. Мажмуа атрофида тўртта улкан минора қад ростлайди. Ҳозирги айвонларга қўшимча равишда ички ва ташқи айвонлар барпо этилади. Маҳаллий ва хорижлик зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида замонавий меҳмонхоналар, халқаро андазаларга тўла мос келадиган маиший хизмат ва санитария-гигиена шохобчалари қурилади.
«Яна бир эътиборли томони, мажмуада қурилиш-бунёдкорлик ишлари жараёнида бу ердаги тарихий булоқ ва бир неча юз йиллик чинор дарахтларига зиён етказилмайди. Уларни асраб-авайлаш, ўз ҳолида сақлаш учун барча зарур чоралар кўрилади», дейилади хабарда.
Маълумот ўрнида, мажмуада амалга ошириладиган қурилиш-бунёдкорлик ишлари махсус ташкил этилган жамғарма маблағлари ҳисобидан ташкил этилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда «Имом Бухорий» зиёрат туризми йўлдош телеканали ташкил этилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонликлардан ҳам ички саёҳат пайтида туристик йиғим ундириладиган бўлиши маълум қилинган.






