Бугун, 13 февраль куни соат 19:31 да Яшнобод туманидаги Авиасозлар 3-тор кўчасида жойлашган овқатланиш шохобчаларидан бирида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида хабар келиб тушган. Бу ҳақда Фавқулодда Вазиятлар Вазирлиги хабар берди.
Ёнғин-қутқарув жанговар бўлинмалари манзилга соат 19:37да етиб бориб, ёнғинни соат 20:07 да тўлиқ бартараф этган.
Воқеа жойига 5 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган. Офат натижасида бинонинг тахминан 200 кв.м. майдони зарарланган бўлиб, кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида бинонинг 400 кв.м майдони сақлаб қолинган, тан жароҳати олганлар йўқ.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги барчангиздан ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этишингизни сўрайди.






