“Халқ банки” АТда Ўзбекистонда хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоконференцалоқа тарзида йиғилиш ўтказилган.
Олий Мажлис Сенатининг Ахборот хизматининг маълум қилишича, унда Сенат раиси Танзила Нарбаева иштирок этган.
хабарга кўра, мамлакатдаги аёлларнинг бизнес соҳасидаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда муаммоларини бартараф этиш учун “Халқ банки” томонидан жойларда уларни тадбиркорликка ўқитиш, бизнесга оид намунавий режаларини ишлаб чиқиш ва уларга кредит олишда амалий ёрдам кўрсатишнинг янги тизими жорий этилди. Бунинг учун бюджетдан қўшимча равишда 1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтириладиган бўлди.
Йиғилишда айни жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилиб, ҳудудларда бу борада амалга оширилаётган ишлар сарҳисоб қилинди.
Қайд этилганидек, “Халқ банки” АТ тизимида, энг аввало, “Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш департаменти” ташкил этилди. Банкнинг 14 та ҳудудий ва 196 та туман (шаҳар) филлиалларига хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича жорий қилинган бошқарувчи ўринбосари лавозимларига энг муносиб номзодлар тайинланди ва иш режалари ишлаб чиқилди.
Бундан ташқари, Савдо-саноат палатаси, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби, “Тадбиркор аёл” ишбилармон аёллар ҳамда “Ҳунарманд” уюшмалари, хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари, шунингдек, бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда аёллар тадбиркорлигига хос бўлган 60 хилдан ортиқ намунавий “Бизнес режа” лойиҳалари ва тарқатма материаллар тайёрланиб, жойларга етказилди. Аёлларнинг молиявий саводхонлигини ошириш ва тадбиркорликка йўналтириш бўйича алоҳида веб-саҳифа ҳамда “телеграмм_бот” ишга туширилмоқда.
“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг хоҳиш-истаклари, ҳар бир ҳудуднинг ички хусусиятларидан келиб чиқиб, бизнесга йўналтириш бўйича аниқ ҳисоб-китоблар билан тушунтиришлар берилди. Бу бўйича ташкил этилган ўқув-курсларига эса 2 минг нафардан зиёд опа-сингилларимиз жалб қилинди.
Айни пайтда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган ҳамда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг бизнес лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда. Мазкур бизнес лойиҳалар доирасида тадбиркорликнинг барча йўналишларида базавий ҳисоблашнинг 150 бараваригача бўлган миқдорда кредитлар ажратиш режалаштириляпти.
Видеоселектор йиғилишида сўзга чиққанлар хотин-қизлар тадбиркорлигини янада ривожлантириш ва бу борадаги қўшимча имкониятларни ишга солишга доир режалардан самарали фойдаланишни эътироф этди.






