АсосийJamiyat

Ўтган давр учун иш ҳақини суд орқали ундириш мумкинми?

'Ўтган давр учун иш ҳақини суд орқали ундириш мумкинми?'ning rasmi

"Даракчи" таҳририятига Қорақалпоғистон Республикаси Беруний шаҳрида яшовчи фуқаро Рўзимат Маткаримовдан мурожаат келиб тушди:

— 2015-2016-2017 йилларда бир ташкилотда ҳисобчи бўлиб ишлаганман. Ўша кезлари “маблағ йўқ”, дея шу йилларни иш ҳақлари берилмаган. 2018-2019 йилларда маошимни талаб қилдим, бироқ фойдаси бўлмади. Ўтган давр учун иш ҳақимни ундира оламанми?

Фуқаронинг мурожаатига жавоб олиш мақсадида Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси Захриддин ТУРАЕВ билан боғландик...    

— Меҳнат кодексининг 16-моддасига мувофиқ, ҳар бир ходим ўз меҳнати учун қонун ҳужжатларида Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланганидан оз бўлмаган миқдорда ҳақ олиш, ўзининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шу жумладан суд орқали ҳимоя қилиш ва малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга.

Ушбу кодекснинг 268-моддасига кўра, ходим меҳнат низосини кўриб чиқишни сўраб судга мурожаат қилиши мумкин. Меҳнат кодексининг 270-моддасига биноан судга  ёки меҳнат низолари комиссиясига мурожаат этиш учун қуйидаги муддатлар белгиланади:

  • Ишга тиклаш низолари бўйича ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб 1ой;
  • Ходим томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарни тўлаш ҳақидаги низолар бўйича зарар етказилгани иш берувчига маълум бўлган кундан бошлаб 1 йил;
  • Бошқа меҳнат низолари бўйича ходим ўз ҳуқуқи бузилганини билган ёки билиши лозим бўл­ ган кундан бошлаб 3 ой.

Ушбу моддада белгиланган муддатлар узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган тақдирда, бу муддатлар суд ёки меҳнат низолари комиссияси томонидан қайта тикланиши мумкин. Ходимнинг соғлиғига етказилган зарарни қоплашга доир низолар бўйича судга мурожаат қилиш учун муддат белгиланмайди.

Мазкур қонун талабларидан келиб чиқиб, сиз ўз меҳнат ҳуқуқингизни ҳимоя қилиш мақсадида берилмаган иш ҳақларингизни ундириб беришни сўраб иш берувчи ёки бевосита судга мурожаат қилишингиз мумкин. Бундай ҳолатда қонунчиликда белгиланган судга мурожаат қилиш 3 ойлик муддатини узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилганини исботлаб берган тақдирингизда сизнинг тўланмаган иш ҳақлариингиз суднинг ҳал қилув қарорига асосан ундириб берилиши мумкин.

Садоқат Аллаберганова

    Бошқа янгиликлар