Жорий йилнинг 16 февраль куни соат 15:00ларда, Қашқадарё вилояти, Чироқчи тумани, “Янгиобод” МФЙ ҳудудидан ўтган, 4Н-282 автомобиль йўлининг 2-километрида, ҳайдовчи, 1977 йилда туғилган Ж.Ҳ. “Нексия” русумли автомобилни бошқараётиб, 1-сонли мактаб рўпарасидаги пиёдалар ўтиш йўлагининг чап томонидан ўнг томонига ўтаётган пиёда, ушбу мактабнинг тайёрлов синфи ўқувчиси, 2014 йилда туғилган Ф.Қ.ни уриб юбориб, ЙТҲ содир этган. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ хабар бермоқда.
Натижада, пиёда, 6 ёшли Ф.Қ. тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чироқчи тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади расмий хабарда.
«Kun.uz» маълумотларига кўра, автоҳалокат вақтида 1-сонли мактаб ўқитувчиси Г. А. пиёдалар ўтиш жойида ўқувчиларини олиб ўтмоқчи бўлган. Машина жуда катта тезлик билан келиб, болани уриб, судраб кетиб қолган. Ҳайдовчининг ИИБ ходими экани айтилмоқда.
«Биринчи ёрдам кўрсатишга ҳам бормади. Биринчи менга бақирди. Болани у эмас, мана шу ерда турган йигитлар кўтариб машинага солди» — дейди ўқитувчи.
ЙТҲ содир бўлган йўлда пиёдалар ўтиш белгиси ўрнатилгани маълум қилинди.
«Бола машинанинг тагига кириб қолди, судраб кетди у. Биринчи тўхтамоқчи эмасмиди, уни олдига тўхта-тўхта деб югурдик. Болани тагидан чиқариб олдик. Биринчи ёрдам кўрсатиш учун машинага ортайлик десак, ҳайдовчи мен машина ҳайдолмайман, ортмайман, „скорый“ келсин деди. Машинадан тушмади, домлани сўкиб ётибди. Ҳайдовчи участка инспектори эди. Кийимим қон бўлади, деб, болани усталарга туширтирибди», — дейди воқеа гувоҳи М.Ҳ.
Бундан ташқари, бола касалхонага олиб келинганида рўйхатга олиш пайтида ўзи келган дея ёзиб қўйилгани маълум бўлди.
Ҳозирда боланинг аҳволи оғир. Унга оғир қўшма шикастланиш, оғир очиқ калланинг чикастланиши, бош миянинг ўрта оғир даражада лат ейиши, чап сон суягининг бўйин қисмида ёпиқ бўлакланиб синиб силжиши каби ташҳислар қўйилган.






