АсосийJamiyat

Мерос қолган уйда ўғилларнинг ҳаққи борми?

'Мерос қолган уйда ўғилларнинг ҳаққи борми?'ning rasmi

"Даракчи" таҳририятига Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида яшовчи фуқаро Ғани Эргашевдан мурожаат келиб тушди:

— Ёшим 75 да, II гуруҳ ногирониман (оёқдан). 2 нафар ўғлим билан бирга яшаймиз,  бироқ тўловлардан ёрдам беришмайди, 3-қаватга ўзим тушиб-чиқиб ҳал қиляпман.Ота-онамдан қолган ҳовлини нотариусдан ўз номимга мерос қилиб ўтказдим. Шу уйда ўғилларимнинг ҳаққи борми? Нотариусдагилар“уй мерос бўлиб ўтяпти, ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, деди.

Фуқаронинг мурожаатига жавоб олиш мақсадида Тошкент шаҳар суди судьяси Абдуносир ЭГАМБЕРДИЕВ билан боғландик...

— Фуқаролик кодексининг 1135-моддасига кўра, мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан, фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар.

Ота-онангиз вафотидан сўнг улардан қолган мерос мулкига нисбатан сиз биринчи навбатдаги меросхўр бўлиб, ўғилларингиз меросга ҳақли бўлмайди.

Уй-жой кодексининг 32-моддасига кўра, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек, у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар.

Сиз билан бирга яшаб келаётган ўғилларингиз оилангиз аъзоси сифатида сизга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уй-жойдан фойдаланишга ҳақли бўладилар. 

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА   

    Бошқа янгиликлар