Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Президентимизнинг Парламентга йўллаган Мурожаатномасида белгилаб берилган асосий вазифалар ҳамда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижроси юзасидан самарали жамоатчилик назоратини ташкил этиш масалаларига бағишланган маслаҳат учрашуви ташкил этилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати аъзолари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Президентимизнинг Мурожаатномасида келгусида Давлат дастури ижросини ташкил этишда жамоатчилик иштироки ва назоратини кенг йўлга қўйиш, жумладан, “жамоатчилик эшитувлари” ва “жамоатчилик мониторинги” тизимини жорий қилиш юзасидан топшириқлар берилган эди.
Шу билан бирга, 2021 йил 18 январь куни Президент раислигида ўтказилган йиғилишда ҳам қарорлар ижросини назорат қилишнинг энг самарали воситаси – жамоатчилик иштироки ва назорати эканлиги таъкидланди. қолаверса, 10 февраль куни 2021 йилги Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга бағишланган селектор йиғилишида ҳам масъулларга бир қатор вазифалар юклатилди.
Ушбу маслаҳат учрашувида устувор вазифалар ижроси юзасидан жамоатчилик мониторингини олиб бориш, масъул идоралар томонидан маълумотлар тақдим этилиши ва уларнинг очиқлиги бўйича кузатилаётган муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш тўғрисида сўз юритилди.
Жумладан, Давлат дастури ижроси муддатларига амал қилинмаслиги, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилган бўлса-да, қабул қилинмасдан қолиш ҳолатлари, ижро муддатлари узайтирилганлиги тўғрисида жамоатчиликка ахборот берилмаслиги каби камчиликларнинг мавжудлиги танқид қилинди. Бу борада ижро маданиятини ошириш, жамоатчилик олдида ҳисобдорликни кенгайтириш, шунингдек, амалга оширилган лойиҳалар, уларга сарфланган маблағлар ва бошқа маълумотлар расмий веб-сайтларда эълон қилиб бориш амалиётларини кенг қўллаш бўйича тавсиялар берилди.

Бу борадаги фаолиятни самарали ташкил этиш мақсадида Сенат ҳамда Ҳаракат томонидан Давлат дастури ижроси юзасидан жамоатчилик мониторингини амалга ошириш бўйича яратилган махсус онлайн платформа тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда платформанинг ишлаш тартиби, унинг имкониятлари ва келгусида такомиллаштириб борилиши тўғрисида батафсил ахборот берилди. Хусусан, давлат идораларига ва фуқароларга ушбу платформа орқали Давлат дастурида назарда тутилган вазифаларнинг ижро ҳолати, улар доирасида қабул қилинган ҳужжатлар юзасидан маълумотларга эга бўлишлари тушунтирилди. Платформа давлат дастури ижросининг бориши юзасидан фуқароларни доимий хабардор қилиб бориш, бажарилган вазифаларнинг жамият ҳаётига таъсирини баҳолаб бориш имконини беради.
Бундан ташқари, Давлат дастури ижроси юзасидан Олий Мажлис Сенати, Ҳукумат таркибига кирувчи давлат идоралари иштирокида ҳар ҳафта жамоатчилик эшитувлари ва брифинглар ташкил этиб бориш, ушбу тадбирларни бевосита ҳудудларда ҳам амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.






