Жорий йилда Марказий банкнинг Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати томонидан Хоразм, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Наманган, Сурхондарё, Қашқадарё, Тошкент вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида назорат тадбирлари ўтказилган. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.
Ушбу ҳудудлардаги терминаллардан фойдаланишда камчиликларга йўл қўйган тижорат банкларига нисбатан (Агробанк, Халқ банки, Микрокредитбанк, Миллий банк, Ўзсаноатқурилишбанк, Ипотека-банк, Ҳамкорбанк, Қишлоқ қурилиш банк, Асака банк, Алоқабанк, Туронбанк, Трастбанк, Ипак йўли банки, Даврбанк ва Инфинбанк) белгиланган тартибда жарима санкциялари қўлланилди.
Шу билан бирга, Марказий банк томонидан тижорат банкларига терминаллардан фойдаланишда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларнинг такрорланмаслиги учун зарурий чоралар кўриш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди ҳамда уларнинг ижроси доимий назоратга олинди.
Марказий банк тижорат банкларини келгусида уларнинг жойлардаги барча муассасаларида тўловларни терминаллар орқали амалга ошириш ҳолати бўйича назорат тадбирларини ўтказишни давом эттириши, шунингдек, тижорат банкларидан терминаллардан фойдаланишда қоидабузарликка йўл қўйган банк ходимларига нисбатан эгаллаб турган лавозимидан четлатишгача бўлган жазо чоралари қўлланилишини талаб этиши тўғрисида огоҳлантиради.
Агар Сизнинг банк карталари орқали тўловларни амалга ошириш бўйича тижорат банклари филиалларига сўровингиз ходимлар томонидан турли важлар билан рад этилса, у ҳолда ушбу ҳолат юзасидан Марказий банкнинг Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизматига ёзма равишда ёки 📞(71) 212-60-15, (71) 212-73-80, (71) 212-60-94 телефон рақамлари орқали мурожаат қилишингиз мумкин.






