"Даракчи" таҳририятига Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро С.Акбаровдан мурожаат келиб тушди:
— Жиноят иши кўрилаётган вақтда ҳимоячидан воз кечиш тартиби қандай? Гумонланувчининг ушлаб турилган жойи тўғрисида кимларга хабар қилиниши мумкин?
Фуқаронинг мурожаатига жавоб олиш мақсадида Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди судьяси Абдулла Абдулхаев билан боғландик...
— 2020 йил 14 майда имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига жиноят процессида иштирок этувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга кўра, терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари, судлар 2020 йилнинг 15 май санасидан жиноят ишини кўришда қуйидаги қоидаларга амал қилиши лозим:
ЖПКнинг 52-моддасида ҳимоячидан воз кечиш қоидалари белгиланган. Бунга кўра,
- Гумон қилинувчи, айбланувчи ёкисудланувчи иш юритишнинг исталган пайтида ҳимоячидан воз кечиш жараёни видеоёзув орқали қайд этилиши ва бу ҳақда гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, шунингдек адвокат, суриштирувчи ёки терговчи томонидан имзоланган баённома тузилиши, суд жараёнида эса видеоёзув компакт дискда сақланиши ҳамда суд мажлиси баённомасига ёзиб қўйилиши лозим.
- Судлар терговга қадар текширувни ва жиноят ишини тергов қилишни амалга оширишда суриштирувчи, терговчи ёки прокурор томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи ҳимоячидан воз кечиш жараёни ЖПКнинг 91, 224 ва 225-моддаларига амал қилган ҳолда видеоёзув орқали қайд этилгани ва бу ҳақда тегишли тартибда баённома тузилгани ҳолати жиноят иши материалларида ўз ифодасини топганини текшириши керак.
ЖПКнинг 217-моддасига кўра, суриштирувчи, терговчи, прокурор гумон қилинувчига, айбланувчига нисбатан ушлаб туриш тарзидаги, суд эса қамоққа олиш, уй қамоғи ёки экспертиза ўтказиш учун шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини қўллаганида, унинг ушлаб турилган жойи тўғрисида дарҳол оила-аъзоларидан бирига, улар бўлмаган тақдирда эса бошқа қариндошларига хабар бериши, шунингдек, бу ҳақда иш ёхуд ўқиш жойига маълум қилиши шарт.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА