АсосийJamiyat

Терроризм, экстремизм ва радикализмни ёшларга таъсири ва хавфини олдини олишга бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди

'Терроризм, экстремизм ва радикализмни ёшларга таъсири ва хавфини олдини олишга бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди'ning rasmi

18 февраль куни "Hyatt Regency Tashkent" меҳмонхонасининг анжуманлар залида "Терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши курашишда ёшларнинг ўрни" мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. 

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдухакимов очиб берди:

“Бугунга келиб бутун дунёда 7,9 миллиард аҳоли яшаётган бўлса, уларнинг 2,3 миллиард нафарини ёшлар ташкил қилади. Ўзбекистонда 30 ёшгача бўлган ёшлар мамлакат аҳолисининг 55 фоизини (яъни 18 миллион нафарни) ташкил қилади. Бошқа мамлакатларда бўлгани каби экстремизм, терроризм ва радикализм каби ғоявий таҳдидларнинг ёшларимизга таъсири бошқа омиллар ва хавфларга нисбатан юқори. Халқаро ҳамжамият, халқаро ва минтақавий ташкилотлар томонидан жаҳон миқёсида ушбу хавфларга қарши курашиш бўйича муҳим ишлар олиб борилмоқда ҳамда маълум бир маънода ижобий натижаларга эришилмоқда”. 

Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан 2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилингани ҳамда жорий йилда Давлат дастурини амалга ошириш доирасида 29,5 триллион сўм ва 2,6 миллиард АҚШ доллари ҳамда 57,3 миллион евро маблағ ажратилганини қайд этди. Шу ўринда “Меҳр-1”,  “Меҳр-2”, “Меҳр-3” операциялари доирасида Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий лагерлар зоналаридан 200 дан ортиқ аёллар ва болаларнинг Ўзбекистонга олиб келингани қўшимча қилинди. 

Бундан ташқари, сўнгги уч йилда мамлакатдаги олий таълим муассасалари сони 60 фоизга ошгани ва айни дамда уларнинг сони 116 тани ташкил қилиши қайд этилди.

Шундан сўнг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Бош котиби Владимир Норов сўзга чиқиб, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2021 йилнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилганини юксак эътироф этди ва бу мамлакат ёшларини ватанпарварлик ҳамда эл-юртга садоқатли бўлиб етишишида муҳим эканини таъкидлади. 

Тадбирда шунингдек Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг бош котиби Боғдод Амреев, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш Котибиятининг Ижрочи директори Кайрат Сарибай, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси раиси, ижрочи котиби Сергей Лебедев ва бошқалар сўзга чиқишди. Бундан ташқари, БМТ Бош котиби ўринбосари Владимир Воронков илк бор Ўзбекистон ёшларига мурожаат қилди.

Видеоконференция 4 сессиядан иборат бўлиб, унда халқаро экспертлар ва хорижий мамлакатлар кузатувчилари терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши курашиш бўйича самарали ҳаракатларни амалга оширишга доир тажрибалари билан ўртоқлашишди.

Конференция доирасида Осиёда ўзаро ишонч чоралари бўйича Кенгаши, ШҲТ, МДҲ ва БМТга аъзо мамлакатлар ёшлари ўртасида терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши курашишишга эътиборни янада кучайтириш, шунингдек, биргаликда самарали фаолият олиб боришга доир масалалар муҳокама қилинди. 

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Осиё ўзаро ишонч чоралари Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган. 

 

    Бошқа янгиликлар