АсосийDunyo

Ашхободда «Тошкент» боғи барпо этилади

'Ашхободда «Тошкент» боғи барпо этилади'ning rasmi

Туркманистон пойтахтида  барпо этиладиган янги «Тошкент» истироҳат боғи ўзбек ва туркман халқларининг кўп асрлик дўстлиги ва яхши қўшничилик тарихидаги яна бир муҳим воқеага айланади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мамлакатимиз элчихонаси маълумотига кўра, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўртасидаги ишончли, очиқ ва конструктив сиёсий мулоқот туфайли сўнгги йилларда икки мамлакатнинг яқин қўшничилик, стратегик шериклик ва  дўстлик муносабатлари ҳар томонлама ривожланиб, мустаҳкамланиб бормоқда.

Иқтисодий ва сармоявий шериклик жадал кенгаймоқда, уларнинг асосий йўналиши савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт, алоқа ва агросаноат соҳаларидаги биргаликдаги фаолиятни қамраб олган.

Ўзбек-туркман ҳамкорлигининг алоҳида эътиборга лойиқ томони - тарихи, маданияти, дини, урф-одатлари муштарак ўзбек ва туркман халқларининг янада маънавий яқинлашишини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлардир.

Тошкентда туркман шоири ва файласуфи Махтумқули номидаги кўча ва хиёбон, «Ашхобод» боғи очилгани, шунингдек, Хивадаги Ўзбек-туркман дўстлик уйи ва «Улли ҳовли» ёдгорлик мажмуаси бунинг ёрқин далилидир.

Ўз навбатида, Туркманистонда Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа буюк ўзбек шоир ва мутафаккирлари хотираси ҳамда мероси юксак қадрланади, уларга чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлиб келинмоқда. Ашхобод шаҳрининг марказий кўчаларидан бири Алишер Навоий номи билан аталган, мазкур кўчада жойлашган «Илҳом» хиёбонида буюк бобокалонимизга ёдгорлик ўрнатилган.

Туркманистон пойтахтида буюк ўзбек шоири, мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг 580 йиллиги ва ўзбек халқининг шонли фарзанди Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллиги кенг нишонланди.

Туркманистон раҳбариятининг мамлакат пойтахтида «Тошкент» боғини яратиш тўғрисидаги қарори 17 февраль куни Президент Гурбангули Бердимуҳамедов ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ўртасида Ашхободда бўлиб ўтган музокаралар якунида эълон қилинди. Мамлакатимиз ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон Президентига мактубини етказди.

Мазкур учрашувда томонлар икки мамлакат ижодий ва илмий арбобларнинг учрашувлари, маданият кунлари, умумий меросни асраб-авайлаш, туркман ва ўзбек халқлари дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга ҳисса қўшадиган кўргазмалар, концертлар, фестивалларни мунтазам равишда ўтказиш бўйича муваффақиятли амалиётни давом эттириш зарурлиги тўғрисида ҳамфикрлик изҳор қилди.

Таъкидлаш жоизки, 18 февраль куни Туркманистон Қурилиш ва архитектура вазирлиги Ашхобод шаҳар ҳокимлиги буюртмаси асосида Туркманистон пойтахтида «Тошкент» истироҳат боғини лойиҳалаштириш ва қуриш учун танлов эълон қилди.

Тендер ва унда иштирок этиш шартлари тўғрисидаги маълумотлар «Нейтральный Туркменистан» марказий ҳукумат газетасида эълон қилинди.

    Бошқа янгиликлар