АсосийJamiyat

Ўзбекистон Конституцияси Брайл алифбосида чоп этилди

'Ўзбекистон Конституцияси Брайл алифбосида чоп этилди'ning rasmi

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази Брайл алифбосида чоп этилган Ўзбекистон Конституцияси ва «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонуни, шунингдек, ўзбек тилидаги «БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенсияси» ўқув қўлланмаси тақдимотини ўтказди. 

Миллий марказ матбуот хизмати маълум қилишича, тадбир ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ушбу нашрлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий стратегиясини амалга ошириш доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси кўмаги билан чоп этилди.

Тақдимотда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Aкмал Саидов, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси элчи Жон МакГрегор сўзга чиқиб, иштирокчиларни Брайл алифбосида нашр этилган янги китоблар билан таништирди.

Маърузачилар мамлакатимизда биринчи марта Брайл алифбосида Ўзбекистон Конституцияси расмий нашри ҳамда 2020 йил 15 октябрда қабул қилинган «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги» қонун нашр этилганини муҳим қадам сифатида эʼтироф этди.

Таъкидлаш керакки, мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида имконияти чекланган шахсларга Конституциямизда назарда тутилган шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳуқуқ ва эркинликларни амалга оширишда халқаро ҳуқуқнинг умумеʼтироф этилган принсиплари ва нормалари, шунингдек Ўзбекистон қўшилган халқаро шартномаларга мувофиқ бошқа фуқаролар билан тенг имкониятлар таъминланмоқда.

Ўзбекистон ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида ногиронларнинг ижтимоий ҳимояси ва тенглигини кафолатлайдиган қатор қонунлар қабул қилинди. Хусусан, 2020 йил 15 октябр куни қабул қилинган «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун ногиронларнинг ҳуқуқларини белгилайдиган асосий қонунчилик ҳужжати ҳисобланади.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенсиясининг асосий қоидаларини амалга оширишга, шунингдек Барқарор ривожланиш мақсадларининг «Ҳеч кимни ортда қолдирманг» тамойилини бажаришга ёрдам беради.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси томонидан нашр қилинган «БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенсияси» ўқув-услубий қўлланмаси Конвенсиянинг асосий қоидалари, уни ратификация қилиш, амалга ошириш ва мониторинг қилиш жараёнлари тўғрисида асосий маълумотларни ўз ичига олади.

Брайл алифбосида нашр этилган  ушбу китоблар  мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ва амалга оширишга хизмат қилади.

    Бошқа янгиликлар