19 февраль куни ижтимоий тармоқда “Гулистонда бодикамераси йўқ ЙПХ ходими” сарлавҳаси остидаги видео лавҳа тарқалган эди. Видео лавҳа Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ томонидан ўрганилди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 18 февраль куни соат 21:00ларда, Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳар, Баҳор МФЙ, Тошкент йўли кўчасида, ҳайдовчи А.А. бошқарувидаги “Нексия” русумли ҳамда ҳайдовчи Д.А. бошқарувидаги “Малибу” русумли автомобиллар иштирокида тўқнашув содир бўлган.
Тўқнашув натижасида, “Нексия” русумли автомобиль йўловчиси У.Х.га биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
Гулистон шаҳар ИИО ФМБ ЙҲХБ С ва ҚБ ходими Н.Маматқулов ўз хизмат вазифасини якунлаб, хизматда фойдаланиш учун бириктирилган бодикамера мосламасини навбатчига топшириб, яшаш хонадонига кетаётган вақтда ушбу ҳолатга дуч келган.
Номаълум фуқаро ходимни видео тасвирга олиб, саволлар бера бошлаган. Ходим бодикамерасини топшириб яшаш хонадонига кетаётганлигини, ҳолатга бефарқ ўтмасдан тўхтаганлигини айтишига қарамасдан эътироз билдириб, тасвирга олишни давом эттирган ва видео лавҳани ижтимоий тармоқда тарқатган.
Мазкур ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан қўшимча суриштирув ишлари олиб борилмоқда.