Шу кунларда ижтимоий тармоқларда эълон қилинган “Китобда ёлғиз ўғил пичоқланди ва бир кўзидан ажралди: зарар қопланмади, иш эса “бости-бости” қилинди” сарлавҳали мақола муҳокамалар марказида бўлмоқда. Ушбу ҳолат юзасидан ИИВга сўров юборилди, дея маълум қилди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати.
Унда қайд этилишича, Қашқадарё вилояти Китоб туманида истиқомат қилувчи фуқаро Шаҳзод Усмоновга ўз қариндоши оғир тан жароҳати етказган. Жабрланувчига туман ички ишлар ходимлари томонидан холисона баҳо берилмасдан жиноят иши бости-бости қилиб юборилиб, оғир ижтимоий шароитда яшайдиган вояга етмаган фуқарога ва унинг онасига нисбатан адолатсиз ҳукм чиқарилган.
Қолаверса, жабрланувчи Ш.Усмонов ички ишлар ходимлари қаттиқ босим қилганини, агар айбдор қамалиб кетса ўч олиши мумкинлигини таъкидлаган.
Ҳозирда жабрланувчининг кассация шикояти вилоят судида қаноатлантирилган бўлиб, жиноят иши нотўғри малакалангани сабабли қайта кўриш учун жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар судига қайтарилди.
Аммо ички ишлар ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракати ёш, улғайиб келаётган инсоннинг келажак ҳаётига бефарқ бўлиши, давлат сиёсатининг моҳиятини тушунмаслиги жамиятда норозиликни келтириб чиқариши мумкин.
Табиийки, ушбу ҳолат сенаторларни ҳам бефарқ қолдирмади. Шу боис, Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигидан мазкур ҳолат бўйича Китоб тумани ички ишлар бўлими ходимларининг хатти-ҳаракатларини атрофлича таҳлил қилиб, қонуний чора кўрилишини ва тегишли ахборот тақдим этилишини сўрайди.
Бундан ташқари, Қашқадарё вилоят суди мутасаддилари томонидан жиноят иши ҳолисона кўрилиши, моддий жихатдан қийналган оилага адолат негизида қарор қабул қилинишини назоратга олиш сўралади.
Шунингдек, ушбу ҳолат Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан назоратга олинди.