АсосийЖАМИЯТ

Лой кечиб юрган вазирлар, стипендия берадиган мактаб ва номига муносиб бўлаётган маҳалла ҳақида (фоторепортаж)

Энди мен қайси маҳаллага киришимни ҳеч ким билмайди, деган эди Президент Шавкат Мирзиёев 1...

'Лой кечиб юрган вазирлар, стипендия берадиган мактаб ва номига муносиб бўлаётган маҳалла ҳақида (фоторепортаж)'ning rasmi

Энди мен қайси маҳаллага киришимни ҳеч ким билмайди, деган эди Президент Шавкат Мирзиёев 10 февраль куни давлат дастурида режалаштирилган вазифалар бўйича ўтказган видеоселекторида. Шундан сўнг 18-19 февраль кунлари давлат раҳбарининг навбатдаги ташрифи Наманган вилоятига бўлди ва табиийки, вилоят ҳокимидан тортиб, шаҳар, туманлар, маҳаллалар раҳбарларининг юрагида “Президент менинг маҳалламга келиб қолсачи” деган ҳадик бор эди. Бу эса Наманган шаҳридаги Бунёдкор маҳалласи “чекига тушди”. Президент кортежида кетар эканмиз, машиналар карвонининг тўсатдан Бунёдкор маҳалласи томонга бурилиши барчамизни ҳайратга солди. Биз қаерга бораётганимизни билмасдик.

ЭНДИ НИМА БЎЛАДИ?

Давлат раҳбарининг ушбу маҳаллага кутилмаган ташрифи кеча ва бугуннинг энг қайноқ мавзусига айланди. Хўш, энди-чи? Ташрифдан сўнг Бунёдкор маҳалласи ўз номига муносиб бўладими? Биз айнан шуни билиш учун Наманган вилоятида яна бир кун қолиб, жараёнларни кузатишга қарор қилдик. Эрталаб уйғонганимиз заҳоти Наманган вилояти ҳокимлиги билан боғландик. Вилоят ҳокимининг 1-ўринбосари Толибжон Юсуповнинг айтишича, бугун 20 февраль куни эрта тонгдан Бунёдкор маҳалласини обод қилиш бўйича штаб тузилиб, соат 06:00 дан бошлаб ҳудудда “қайта қуриш” ишлари бошлаб юборилган.

 БИР КУНЛИК ИШЛАР

Бу жараённи кузатиш албатта қизиқ эди. Шунинг учун ҳам “оёғимизни қўлга олиб” Бунёдкор маҳалласи томон ошиқдик. Айтилганлари рост экан. Ҳудудга яқинлашиб борганимиз сайин ҳар тарафда таъмирлаш ишлари аллақачон бошлаб юборилганининг гувоҳи бўлдик:

— Йўлларда йўл қурувчи техникалар;

— Кеча Президентга электр энергияси йўқлигидан шикоят қилган маҳалла аҳолиси учун янги трансформатор ва симёғочлар;

— Президент қаттиқ танқид қилган “Бунёдкор” МФЙ биноси ва унинг ҳудуди;

 

Булар ҳали бир кун ичида қилинаётган ишлар эди.

КЎПЧИЛИК “КАТТАЛАР” ҲАМ ШУ ЕРДА

Атрофни кузатар эканмиз, маҳаллий аҳоли, қурувчи-усталар, вилоят мутасаддилари қаторида вазирлар ва бошқа бир қатор “катталар”нинг ҳам лой кечиб юрганликларини гувоҳи бўлдик. Жумладан, бош вазирнинг 1-ўринбосари Очилбой Раматов, Қурилиш вазири Ботир Зокиров, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Ҳидоятов ҳамда унинг ўринбосари Соҳиб Сайфназаров, Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовлар ҳам ўша ерда эди.

Журналистлардан эса “Замон” информацион дастурининг Наманган вилоятидаги “тинчимайдиган” мухбири Умида Қўшоқовани ҳам тасвирга олиш жараёнларига берилиб кетганини кўриб, ҳалал бергимиз келмади.

ЎҚУВЧИЛАРИ СТИПЕНДИЯ ОЛАДИГАН МАКТАБ

Бунёдкор МФЙ биносининг ёнгинасида жойлашган 65-мактаб биноси этиборимизни тортиб, атрофда бошланиб кетган ишлардан бизни бироз чалғитди. Сабаби мактаб ҳудудида иссиқхона қурилган экан. Бу иссиқхона кимники, у кимнинг манфаатига хизмат қилади, унинг нима учун айнан мактаб ҳудудида қурилгани билан қизиқдик. 

Жобир АЛИХОН, блогер:

— Мен шу маҳаллада истиқомат қиламан. Ўзим илмнинг мухлисиман. Шунинг учун маҳалладаги тадбиркорлар билан келишиб, шу мактабда иссиқхона қуриб, ундан келадиган даромадни мактаб фондида қолдириб, бу маблағларни мактаб инфратузилмаси, илм-фан ривожи йўлида сарфланиши учун шу иссиқхонани хайрия йўли билан қурдирдик. Иссиқхона ичида мактаб ўқувчилари биология фанидан амалий дарс ўтишлари учун ҳам ўсимликлар лабораторияси бўлади. Бундан ташқари, мактаб ўқувчиларига мотивация бериш мақсадида ҳомийлик асосида мактаб стипендиясини ҳам ташкил қилганмиз. Ҳар ой ўқитувчилар ва маҳаллий тадбиркорлар иштирокида ўқувчиларни суҳбат-имтихон қилиб, лойиқ топилганларига 100 минг сўм миқдорида стипендия беришни йўлга қўйганмиз. Хозирда 65-мактабнинг 5 нафар ўқувчилари ушбу стипендияни олишади. 

Мақсадим маҳалламдаги мазкур мактабни илм-фан ривожланган, коррупция аралашмаган, республикадаги етакчи мактаблардан бири бўлишига жамоат фаоли сифатида ўз ҳиссамни қўшиш, дейди Жобир Алихон.

  ХУЛОСА ЎРНИДА

Бугун Бунёдкор МФЙда саҳардан бошлаб юборилган қурилиш-таъмирлаш ишларини кузатар эканмиз, бўлар эканку, дедик ўзимизга ўзимиз. Ҳеч йўқса идораси таъмирланмаган маҳалладан яна нима кутиш мумкин эди?... Кечаги воқеа (кутилмаган ташриф) эса бошқа ҳудудлар раҳбарлари, маҳалла раислари учун ҳам бир туртки бўлиши, Президент таъбири билан айтганда, барча раҳбарларнинг "уйғониши" учун бир ишора бўлишидан умид қилиб қоламиз.

 

Сардорбек Раҳмонқулов

Бироз аввал мазкур Бунёдкор МФЙда бошлаб юборилган қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳақида эксклюзив видеолавҳа тайёрлаб, сайтимизда жойлаган эдик.

 

    Бошқа янгиликлар