1

Тошкентда 22 йил аввал содир этилган мудҳиш қотиллик фош этилди

ЖИНОЯТ 22.02.2021, 11:55
Тошкентда 22 йил аввал содир этилган мудҳиш қотиллик фош этилди

“Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади”, деганларидек 22 йил аввал содир этилган жиноят фош бўлди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бўйича бош консультанти Садоқат Аллаберганова хабар қилди...

Муқаддам бир неча бор судланган Л.Баев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) “кўр кўрни қоронғуда топади” деганларидек, худди ўзи сингари суднинг қора курсисига ўтирган, бироқ тегишли хулоса чиқармаган таниши П.Исхоқов ва Б.Икрамов, Ш.Ходжаев билан бир гуруҳ бўлиб, 93 ёшли Л.Попова ва унинг ўғли О.Поповни қасддан ўлдириб, уларнинг хонадонида бўлган мол-мулкни қўлга киритиш мақсадида олдиндан жиноий режа тузишади.

Улар жиноий режасини амалга ошириш мақсадида она-бола яшаб келаётган Тошкент шаҳари, Учтепа туманидаги хонадонга гўёки бир неча кун ижарада яшаш баҳонасида киришга эришишади. Ўзлари билан олиб келган спиртли ичимликларни она-болага истеъмол қилдиришади. Улар маст ҳолатда экани, бундан ташқари, О.Поповнинг II гуруҳ ногирони экани, ўзини ҳимоя қилолмайдиган даражада ожиз аҳволда эканидан фойдаланиб, ошхона пичоғи билан II гуруҳ ногиронининг қорин қисмига уриб, уни қасддан ўлдиришган.

Сўнг Л.Баев танишлари П.Исхоқов, Б.Икрамовва Ш.Ходжаев билан марҳумнинг онасининг маст ҳолатда экани, кексалигидан фойдаланишади. Яъни, Л.Попованинг бош соҳасига ароқдан бўшаган шиша билан уриб, танасининг кўкрак қисмларига тепиб, сўнг ошхона пичоғи билан қорин қисмига зарба беришган.

Онага ўз вақтида кўрсатилган тез тиббий ёрдам натижасида унинг ҳаёти сақлаб қолингани сабабли Л.Баев ўз жиноий ҳаракатларини ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда охирига етказа олмаган.

Л.Баев танишлари П.Исхоқов, Б.Икрамов ва Ш.Ходжаев она-болага тан жарохатлари етказишганидан сўнг, онани ҳам ўлган деб ҳисоблаб, хонадондан 2 та гилам ва телевизорни олиб, воқеа жойидан яширинишган.

“ШУНЧА ЙИЛ ДАВОМИДА ВИЖДОН АЗОБИДА ҚИЙНАЛГАНМАН”

Судланувчи Л.Баев судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирди...

— Ишлаш мақсадида Тошкентга келиб, “Ипподром” бозори олдида жойлашган нонвойхонада нон сотувчи бўлиб ишлаганман. Шунда Дилмурод ва Шавкат исмли шахслар ҳамда нонвойхонада ишловчи Бегзодбилан танишиб қолганман. Улар бозорда турли майда ўғриликлар билан шуғулланиб юришган. Шавкат менга “Фарҳод” бозори олдидаги кўп қаватли уйларнинг бирида ижарага уй борлиги, у ерда яшашимиз мумкинлигини айтган. Шу боис шу уйда ижарада бир кун тунаб қолмоқчи бўлдик. Шавкат меннга ўша уйда бир рус аёл ва унинг мустақил ҳаракатлана олмайдиган ногирон ўғли яшашини айтган. Дилмурод, Шавкат ва Бегзод билан бирга тунаб қолиш учун шу хонадонга бордик. Уйга кирганимизда кекса аёл ва унинг ўғлини кўрдим. Шу куни биз икки шиша ароқ ичиб, бирга овқатландик. Уй эгалари ҳам бирга ичишди. Ҳаммамиз шу хонадонда тунаб қолдик. Эртаси куни эрталабдан мен, Дилмурод, Шавкатва уй эгалари билан бирга яна спиртли ичимлик истеъмол қилганимиз сабабли маст эдик. Шавкат “уйдаги телевизор, гилам ва эски идишларни ўғирлаймиз. Уларни яхши пулга сотиш мумкин”, деди. Унга “уй эгалари маст бўлиб, ухлаганидан сўнг нарсаларни олиб чиқиб кетамиз”, дедим. Шавкат уларни боғлашни айтди. Кекса ёшдаги аёл ва ногирон ўғил маст ҳолда бўлгани сабабли, шундоқ ҳам қаршилик кўрсата олмайдиган аҳволда эди. Уйдаги телевизорни кўтариб ташқарига олиб чиқа бошлаганимда Шавкатнинг қўллари қон ҳолатда, пичоқ кўтариб турганини кўрдим. Ногирон ўғил бақириб диванда, онаси эса полда йиқилиб ётишарди. Шу орада Дилмурод бошқа хонадан иккита гиламни олиб чиқди. Шавкат “она-болани пичоқ билан тилиб юбордим, лекин улар ўлмаган”, деди. Бегзод эса “пастга тушиб, машина тўхтатаман. Биров келиб қолмасин, қараб тур”, дея огоҳ бўлишимни тайинлади. Шавкат хонадон эгаларини пичоқлаб қўйганлигини билиб, уйдаги телевизор ва гиламларни олиб ташқарига чиқдик. Сўнг тўртинчи қаватдан тушгач, йўловчи машина тўхтатиб, уйдан олиб чиққан буюмларни юкладик. Ўғирлаган нарсаларимизни сотиб юбордик. Пулига ҳаммамиз бозордаги ошхоналардан бирида овқатланиб, яна ароқ ичдик. Овқатланиб ўтирган вақтимизда Шавкатга бекор бундай иш қилганини айтдим. Шунда у “уй эгаларини пичоқлаб ўлдирдим, агарда кимда-ким бу ҳақда ички ишлар ходимларига айтиб қўйса, уни ҳам ўлдираман!” деб бизни қўрқитди. Унинг таҳдидидан қўрқиб, биргаликда Фарғонага кетдик. Шавкат Наманганда жиноят содир этгани учун қидирувда юргани, шу сабабли Наманганга бора олмаслигини айтди ва Фарғонада қолди. Ўзим эса ҳарбий хизматдан бўйин товлаганим, фирибгарлик, ўғрилик жиноятларини содир этганим учун қидирувда юрганим боис Тошкентга келгандим. Бегзод ва Дилмурод ҳам тарқалиб кетишди. 

1999 йилда ўғирлик жиноятини содир этиб, қўлга тушгандим. Жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтаётганимда, муассасасининг тиббиёт бошқармасида даволанаётган вақтимда Бегзодни кўриб қолгандим. Ундан нима бўлганини сўраганимда у “она ва болага нисбатан содир этилган қотиллик жинояти учун мен ва Шавкат қамоққа олиндик. Шуҳрат ўлим жазосига ҳукм қилинган”, деди. Орадан 22 йил ўтиб, ушбу жиноятни биз содир этганимиз аниқланди. Шунча йил давомида виждон азобида қийналганман. Қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман. 

Наргиза КАСИМОВА, Тошкент шаҳар суди судьяси:

— Судланувчи П.Исхоқов ҳам судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирди. Мазкур иш бўйича судланган Б.Икрамов эса судда мазкур жиноят иши бўйича ўша пайтда судланиб, жазони ўтаб чиққанини баён қилди. 

Судланувчи Л.Баев ва П.Исхоқовнинг жиноят содир этганликдаги айби, уларнинг айбига тўлиқ иқрорлик билдириб берган кўрсатмаларидан ташқари, ҳодиса содир бўлган жойдаги текшириш баённомалари ва уларга илова қилинган фотожадвал, пушаймонлик аризалари, буюмни таниб олиш учун кўрсатиш баённомалари, фотосуратдан таниб олиш учун кўрсатиш, юзлаштириш баённомалари, гувоҳларнинг кўрсатмалари, суд-тиббиёт экспертизаси ва дактилоскопия экспертизасининг хулосаси, тушунтириш хатлари ҳамда жиноят ишида тўпланган бошқа далиллар билан исботини топди.

Судланувчи П.Исхоқов жиноят содир этган вақтдан 22 йил 9 ой ўтиб, яъни ЖКнинг 64-моддаси талабларига кўра, шахснинг жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетгани муносабати билан П.Исхоқов томонидан жавобгарликка тортиш муддатлари янги жиноят содир этилган кундан бошлаб ҳисобланганда, янги жиноят содир этилган кундан 20 йил 6 ой ўтган. Шу сабабли судлов ҳайъати белгиланган қонун талабларига амал қилган ҳолда судланувчи М.Исаковни айбли деб топиб, жавобгарликдан озод қилишни лозим деб ҳисоблади.

Л.Баев ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “в, и, п” бандлари, ЖКнинг 25, 97-моддаси 2-қисми “а,в,и,п” бандлари, ЖКнинг 164-моддаси 3-қисми “г” банди билан айбли деб топилди. ЖКнинг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил Л.Баевга 18 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1