Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича ҳукуматлараро келишувларни амалга ошириш юзасидан мамлакатимиз элчихонаси томонидан тизимли ишлар олиб бориляпти, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Жумладан, Италия саноат соҳаси ишбилармонлар ассоциацияси «Confindustria» билан ҳамкорликни кенгайтириш ва ушбу ташкилотнинг Тошкентдаги ваколатхонасини очиш масалалари ишлаб чиқилмоқда. Айни пайтда ушбу ассоциациянинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси - «Confindustria Uzbekistan» президенти Лука Пикассонинг Ўзбекистонга ташрифи ташкилаштирилмоқда. Л.Пикассо жорий йил март ойида Ўзбекистонга сафар қилиши режалаштирилган. Ташрифдан асосий мақсад «Confindustria Uzbekistan» уюшмасининг Тошкентдаги ваколатхонасини рўйхатдан ўтказиш ва унинг расмий очилиш маросимини ташкиллаштириш, шу жумладан, турли вазирлик ва идораларда музокаралар ўтказишдан иборат.
«Confindustria Uzbekistan» фаолияти ва Тошкентда унинг ваколатхонаси очилиши Италия билан иқтисодий ҳамда инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш борасида муҳим аҳамиятга эга.






