Тошкентда вафот этган беморнинг яқинлари шифокорни калтаклагани ҳақида хабар берилган эди.
Тошкент шаҳар ИИББнинг маълум қилишича, 2021 йил 18 февраль куни тахминан соат 23:50 ларда Яккасарой туманидаги, И.Иргашев номидаги 4-сонли шаҳар клиник шифохонасидаги изолятор хонасида Тез тиббий ёрдам бўлими 3-сонли подстанция шифокори 31 ёшли Д.У. ва фельдшер 20 ёшли А. А.га 28 ёшли Ф.М. икки таниши билан тан жароҳати етказишган.
Содир этилган жиноятнинг сабаби ўрганилганда, Ф.М. шифокорларнинг ўз ишига совуққонлик билан ёндашганлиги сабабли онаси Д.Н.нинг ўлими юз берган деган фикрда бўлганлиги аниқланган. Марҳум Д.Н. юқорида қайд этилган касалхонага тез тиббий ёрдам машинасида клиник ўлим ҳолатида олиб келинган.
Воқеа натижасида иккала тиббиёт ходимлари турли даражадаги тан жароҳатлари олишган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси (“Безорилик”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.






