Қумқўрғон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган туманда адолатсизликлар авжга чиққанлиги ва бунга сабабчи сифатида туман ҳокимига нисбатан билдирилган танқидий фикрлар юзасидан муносабат билдирди.
“Ижтимоий тармоқлар орқали қайта-қайта қилинаётган видео мурожаатлардаги Қумқўрғон тумани ҳокими Раҳматулла Гаппаровнинг “Боботоғ сури қоракўлчилик” МЧЖнинг 300 бош қўйини олиб кетганлиги тўғрисидаги важлар ҳеч қандай асосга эга эмас.
“Боботоғ сури қоракўлчиллик” МЧЖнинг Қумқўрғон тумани ҳокимлигига йўллаган билдириш хатида туман ҳокимининг ушбу ҳолатга ҳеч қандай алоқаси йўқлиги маълум қилинган.
Шунингдек, видео мурожаатлардаги туман ҳокими “Мунчоқтепа” маҳалласидаги мактаб биноси ҳудудидан икки қаватли савдо дўкони қуриб олганлиги тўғрисидаги важлар ҳам асоссиздир.
Сурхондарё вилояти халқ таълими бошқармаси ва Қумқўрғон тумани халқ таълими бўлимининг хатларига асосан тумандаги 21-сонли умумтаълим мактаби ҳудудидан 0,15 га ер майдони туман ҳокимининг 05.02.2018 йилдаги қарори билан туман ҳокимлиги захирасига олинган. Мазкур 0,15 га ер майдонида қурилган сунъий қопламали мини стадион ва икки қаватли савдо дўкони тадбиркор О.Холиёровга тегишли.
Видео мурожаатларда бозорнинг рўпарасида, темир йўл ёқасида автотураргоҳ учун ажратилган ер майдонида савдо дўконлари қурилиб, ер майдонлари туман ҳокими томонидан талон-тарож қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлар ҳам тўлиқ ўрганилмай баён этилган.
Мазкур дўконлар қурилган ер майдонлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 23 июлдаги “Автотранспорт воситаларини доимий ва вақтинча сақлаш жойларини ташкил этиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори талабларидан келиб чиққан ҳолда тегишли комиссия далолатномасига асосан “Уз агро Қумқўрғон” МЧЖга 0.25 га ер майдони автомобилларни вақтинча тўхташ жойи ташкил этиш учун ажратиб берилган.
Ушбу ер майдонига “Уз агро Қумқўрғон” МЧЖ енгил конструкцияли савдо дўконлари қурилишига рухсат сўраб ёзган хати ва тегишли ташкилотлар томонидан келишилган лойиҳа таклифга асосан енгил конструкцияли савдо дўконлари ва автотураргоҳ қурилишига рухсат этилган.
Видео мурожаатда “Мунчоқтепа” маҳалласида жойлашган 2 гектар ғалла майдони бузилиб, ноқонуний равишда метан газ қуйиш шахобчаси қуриб олинганлиги айтилади.
Вилоят ҳокимининг 2019 йил 11 январдаги қарорига асосан туман ҳокимлиги заҳирасидаги қишлоқ хўжалик харитасининг 236қ-дала контуридан 1 гектар ер майдони (2 гектар эмас) автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станцияси (АГНКС) қурилиш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан “Порлоқ Юлдуз сервис” МЧЖга ажратилган.
“Порлоқ Юлдуз сервис” МЧЖ томонидан 83 431 000 (саксон уч миллион тўрт юз ўттиз бир минг) сўм қоплама пули қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш учун вилоят Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасининг махсус ҳисоб рақамига тўлаб берилган.
Шунингдек, вилоят қурилиш бош бошқармаси хати, “Қишлоққурилишлойиҳа” МЧЖ бош лойиҳа қидирув институтининг хулосасига асосан Шаҳарсозлик кодекси, Вазирлар Маҳкамасининг 25.02.2013 йилдаги 54-сонли ва 7.10.2015 йилдаги 285-сонли қарорлари талаблари асосида тумандаги “Мунчоқтепа” маҳалласи ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 9.06.2016 йилдаги 06-29-35-сонли йиғилиш баёнига асосан “Порлоқ Юлдуз сервис” МЧЖ томонидан қурилиши режалаштирилган “Автомобилларни сиқилган газ билан тўлдириш компрессор станцияси” объекти жойлашувига келишилган. Шунга мувофиқ хозирда бу ерда қурилиш ишлари давом этаяпти.
Видео мурожаатларда айтилган Қумқўрғон туманининг “Тўғон” маҳалласи ҳудудида жойлашган носоз кўприкнинг трубалари метан газ қуйиш шахобчаси қурилишига ишлатиб юборганлиги тўғрисида хабар ҳам ҳақиқатдан йироқдир.
“Порлоқ Юлдуз сервис” МЧЖ томонидан қурилаётган метан газ қуйиш шахобчаси учун “Тўғон” маҳалласида жойлашган мазкур кўприкнинг трубалари ишлатилмаган. “Автомобилларни сиқилган газ билан тўлдириш компрессор станцияси” объекти қурилиши учун 219 диаметрли 150 метр трубалар шартномага асосида Термиз шаҳридан харид қилинган.
Қумқўрғон туманида бозорнинг йўқлиги, аҳоли қийналаётганлиги тўғрисида хабар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 мартдаги “2017-2020 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуаларини қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таьминлаш мақсадида Қумқўрғон тумани “Оқсой” маҳалласидаги “Марказий деҳқон (озиқ-овқат) бозори” бузилиб, ўрнида “Барака савдо” МЧЖ томонидан 3 қаватли савдо комплекси ҳамда 250 ўринли деҳқон бозори қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳаларга биноан 800 та автомобиллар учун автотураргоҳ қурилиши ҳам режалаштирилган.
Хулоса ўрнида
Бугун Қумқўрғон туманида амалга оширилаётган ўзгаришлар жараёнида айрим масалаларни ижтимоий тармоқларда бир ёқлама талқин қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Юртошларимиздан бундай миш-мишлар, ёлғон ахборотларга ишонмасликларингизни сўраймиз.
Ижтимоий тармоқлардаги гуруҳ администраторлари ҳамда шахсий аккаунт эгаларига эса аҳоли орасида турли миш-мишлар пайдо бўлишига, уларда салбий фикр ва ишончсизликни шакллантиришга олиб келадиган ушбу мазмундаги ёлғон маълумотларни тарқатиш қонун олдида жавобгарликни келтириб чиқаришини эслатиб ўтамиз”, дейилади Қумқўрғон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати расмий муносабатида.






