2021 йил 23 февраль куни Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигининг Туркия ва Японияга олий даражадаги ташрифлар якунлари бўйича имзоланган “йўл хариталари”нинг савдо-иқтисодий ва инвестицияга оид қисми ижро этилиши тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
Йиғилишда Туркия билан биргаликда 608,3 млн. долларлик 49 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилгани қайд этилди. Бугунги кунда Туркия компаниялари инвестицияларининг қарийб ярми муваффақиятли ўзлаштирилди. Бу эса мамлакатимизнинг тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва қурилиш материаллари саноати салоҳиятини сезиларли даражада ошириш имконини берди.
Япония бўйича тузилган “Йўл харитаси” асосида 4,393 млн. АҚШ долларига тенг 40 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилди. Ушбу инвестицияларнинг жалб қилиниши мамлакатимиз энергетика соҳасини кенг кўламли модернизациялашни бошлаш имконини берди, бу янги электр станциялар қурилишини, шунингдек, ёқилғи-энергетика тармоғига замонавий технологиялар жорий этилишини назарда тутади.
Мажлисда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси, “Ўзтекстилсаноат” уюшмаси, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг инвестиция лойиҳалари бажарилмаган ёки ижро муддати бўйича жиддий тарзда кечиктирилиб бажарилаётгани айтилди.