Кеча, 23 февраль куни Тошкент давлат шарқшунослик университетида Туркия Республикасининг Ўзбекистонда ўз миссиясини тугатаётган Фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурейя Эрга фахрий профессор унвони топширилди.
Меҳмет Сурейя Эр мамлакатимизда туркшунослик соҳаси ривожига катта ҳисса қўшди. 2019 йил ноябрь ойида Тошкент давлат шарқшунослик университети делегациясининг Туркияга сафарини амалга оширишда ҳамда Анқара, Истанбул, Мармара, Ғози, Анқара Ҳожи Байрам Вали университетлари билан англашув меморандумлари имзолашда амалий ёрдам кўрсатди. Ушбу меморандумлар асосида туркиялик профессор-ўқитувчилар ва Туркиядаги ватандошларимиз ТДШУ ўқув жараёнига онлайн тарзда жалб қилинди.
Учрашувда Меҳмет Сурейя Эр Туркия ва Ўзбекистон руҳан бир-бирига яқинлиги, халқларимизни муштарак тарих, тил, дин, маданият ва қон-қардошлик ришталари боғлаб туриши, Мовароуннаҳрда қадим цивилизацияни бойитган кўплаб олимлар етишиб чиққани, уларнинг асарлари ҳатто бугун ҳам қадриятларимизнинг жон томирларини ташкил этаётганига тўхталиб, Ўзбекистонга доимо ота юрт сифатида қарашини таъкидлади. Мамлакатларимизнинг умумий тарихи ўзаро алоқаларнинг узилмас воситаси бўлиб хизмат қилаётгани, Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг халқларимизнинг бир-бирига бўлган меҳр-оқибати мустаҳкамланиб бораётгани қайд этилди.
Маълумот учун: хорижлик фуқарога ТДШУ фахрий профессори унвони бундан 9 йил аввал Корея Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Чон Дэ Ванга топширилган экан.
Бугун, 24 февраль куни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети томонидан ҳам Меҳмет Сурейя Эр жанобларига фахрий профессор унвони топширилди.
Меҳмет Сурейя Эр Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ва Туркия ОТМлари ўртасидаги алоқларни янги босқичга олиб чиқишга катта хисса қўшди. Хусусан, Элчи жанобларининг бевосита саъй-ҳаракатлари натижасида Туркиянинг Анқара Ҳожи Байрам Вали университети, Истанбул Маданият университети, Мармара университети каби нуфузли таълим муассалари билан меморандумлар имзоланди. Шунингдек, икки давлат ОТМлари ўртасида илк бор магистрлик дастури йўлга қўйилди. Бу эса Ўзбекситон ва Туркия олий таълим тизимидаги ҳамкорликнинг янги саҳифаси сифатида тарихга кирди.
Қайд этиш керакки, Меҳмет Сурейя Эрнинг Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимида ўзбек тилини қисқа муддатда мукаммал ўзлаштиргани ўзбек халқига бўлган чексиз эҳтиромнинг намунасидир.
Учрашувлар сўнггида Меҳмет Сурейя Эр ўзига билдирилган юксак ҳурмат-эътиром учун Тошкент давлат шарқшунослик университети ва Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети раҳбариятларига миннатдорлик изҳор этди ҳамда келгусида таълим ва илм-фан соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилиш нияти борлигини алоҳида қайд этди.
Фарида Эгамбердиева, журналист






