Ўзбек тилида иш юритишнинг ҳуқуқий асослари, амалий имкониятлари ва илмий негизлари унинг ривожланишини таъминлай оладими? Юртимизда ва хорижда ўзбек тилини ўрганишни тарғиб қилиш, дарслик, луғат ва қўлланмалар, видео ва аудиоматериаллар, замонавий ўқитиш услубларини жорий этишдан давлатимиз ва жамиятимизга қандай манфаат бор? Глобал мулоқот шароитида тилларнинг ўзаро таъсирини, ажнабий сўзларнинг миллий ахборот маконига кириб келишини тартибга солиш керакми?..
АОКАда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда давлат тилида иш юритиш ва унинг ижтимоий-сиёсий аҳамияти” мавзусида бўлиб ўтган жонли мулоқотда ана шундай жиддий саволларга жавоб изланди.
— Ўзбек тилининг жаҳон майдонида, Интернет тармоғида муносиб ўрин эгаллаши янги миллий компьютер дастурларини яратиш масаласи билан бевосита боғлиқ, — деди Давлат тилини ривожлантириш департаменти бўлим бошлиғи Шахобиддин Мусаев. — Албатта, бу борада амалий ишлар бошланган. Давлат бошқаруви, замонавий ва инновацион технологиялар, саноат, иқтисодиёт, ҳуқуқшунослик, дипломатия, тиббиёт, архитектура, қишлоқ хўжалиги каби муҳим соҳалар фаолиятида тўлиқ давлат тилида иш юритишга ўтилгани бу ишларни янада жадаллаштиришни тақозо этади.
Мулоқотда таъкидланганидек, айни пайтда юртимизда биринчи навбатда таълим-тарбия жараёнлари ва ОАВ фаолиятининг ўзбек тилида олиб борилиши энг муҳим жиҳат ҳисобланади.







