Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги (Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Ахборотлаштириш тўғрисидаги қонуни) Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси бўйича журналист ва блогерларнинг ҳадик-хавотирли чиқишларига кўзимиз тушмоқда.
Шу муносабат билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Одилжон Тожиев айрим мулоҳазаларини айтди.
"Аввало, депутатлар мазкур қонун ташаббускорлари фикрини эшитди ва концептуал жиҳатдан шундай қонун қабул қилишга зарурат бор, деган тўхтамга келинди, яъни биринчи ўқишда қабул қилинди, лойиҳа устидаги муҳокамалар энди бошланди. Маълумот ўрнида: мазкур қонун лойиҳаси таклиф ва мулоҳазалар билдириш учун 19 февраль куни расмий сайтимизга юкланган.
Мазкур қонун лойиҳасида ёлғонга қарши курашиш, сўз эркинлигини ҳурмат қилиш, турли санкцияланмаган даъватларнинг олдини олиш ва жамоатчиликка тарқатилаётган ахборотга нисбатан масъулиятли бўлишга чорлов бор, холос. Ният шу экани очиқ-ойдин ҳақиқатдир.
Журналист ва блогерларнинг қонун лойиҳасига, фикрнинг мазмуни ва хулосалар турфалигидан қатъи назар, жўшқинлик билан муносабат билдиргани, муҳокамалар бўлаётгани яхши. Қонунчилик палатаси, ҳусусан, қонун ташаббускорлари бу таклиф ва мулоҳазаларни, албатта, атрофлича кўриб чиқади, кейинги ўқишларда барча жиҳатлар муҳокама қилинади.
Қўшимча қилиб айтаманки, яқин орада Парламентнинг оммавий ахборот воситалари ва блогерлар билан алоқаларини янада мустаҳкамлаш масаласида давра суҳбати ташкил этамиз", — дейилади хабарда.






