Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Телеграмдаги шахсий саҳифасида катта автомобил йўлларида қулайлик яратиш кераклиги ҳақида фикр билдирди.
Катта автомобил йўлларини кесиб ўтишда пиёдалар учун ер усти ўтиш кўприги бўлса анча-мунча хавфсизлик таъминланган бўларди. Буни Тошкент шаҳрида қурилаётган кўприклар мисолида кўриб турибмиз.
Бироқ бундай кўприклар фақат шаҳар учун эмас, балки қишлоқ ҳудудларида яшовчи аҳоли учун ҳам барпо этилиши керак.
Масалан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 ноябрдаги 927-сон қарорига асосан тасдиқланган дастурнинг (3-илова) 16-бандида Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидан ўтувчи "Тошкент-Термез М-39" автомобил йўли ҳудудида 2019-2020 йиллар давомида 2 та пиёдалар учун ер усти ўтиш кўпригини қуриш белгиланган эди. Қиймати 15 млрд. сўмлик лойиҳани амалга оширишга Автомобил йўллари давлат қўмитаси ва "Йўл-лойиҳа" МЧЖ масъул этиб белгиланган. Молиялаштириш 2019 йилда амалга оширилиши керак бўлган ушбу қарор ҳали ҳам кучда.
Лекин 2021 йилнинг шу кунига қадар бу кўприклар қурилмади, йўлнинг икки томонида яшовчи аҳоли, айниқса болалар мактаб ва бошқа объектларга қатнашда ҳаётини хавфга қўйиб, йўлни кесиб ўтишда давом этмоқда.
Бизга эса Ҳукумат томонидан тасдиқланган дастурдаги масала нима учун амалга оширилмагани қизиқ. Қачон кўприк бўлади?
Бу саволлар бўйича масъул Автомобил йўллари қўмитасига сўров киритдик. Умид қиламизки(қарор "отмен" бўлмаса), кеч бўлса ҳам ҳукумат қарори ижро этилиб, масала ўз ечимини топади.






