Жорий йилнинг 25 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бундестагнинг “Германия-Марказий Осиё” парламент гуруҳи билан онлайн брифинги бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Бундестагнинг “Германия – Марказий Осиё” парламент гуруҳи раиси Манфред Грунд ва гуруҳ раёсати аъзолари, Федерал ҳукумат, ГФР Ички ишлар вазирлиги вакиллари, Ўзбекистон парламенти палаталари аъзолари иштирок этди.
Брифингда мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотлар, коронавирус пандемияси даврида иқтисодиётни, шунингдек аҳолини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш, тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида ахборот берилди. Шунингдек, Ўзбекистон парламентининг карантин шароитидаги фаолияти ҳам кўриб чиқилди.
Бундестаг “Германия – Марказий Осиё” парламент гуруҳи раиси Манфред Грунд мамлакат иқтисодиёти соҳасида, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.
У Ўзбекистонда СOVID-19 пандемиясига қарши муваффақиятли кураш олиб борилаётганини мамнуният билан қайд этди.
М. Грунд ГФР парламенти Ўзбекистон ва ГФР ўртасидаги парламентлараро алоқаларни кенгайтиришга катта аҳамият беришини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги муносабатлар мустаҳкам ҳамкорлик даражасига кўтарилиб, бу икки томонлама ўзаро муносабатларнинг барча соҳаларида, аввало, парламентлараро алоқаларда аниқ мазмун билан бойитилди.
М. Грунд иқтисодий ва сиёсий нуқтаи назардан қизиқишини билдирар экан, Ўзбекистон ГФР учун Марказий Осиёдаги муҳим иқтисодий ҳамкор, иқтисодий ўзаро ҳамкорлик сақланиб қолган ягона мамлакат эканини таъкидлади. Иштирокчилар асосий эътиборни халқаро ташкилотлар, биринчи навбатда, БМТ доирасидаги ўзаро алоқаларни давом эттиришга қаратдилар.
Бундан ташқари, БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Президентимиз томонидан билдирилган Ўзбекистон ташаббусларини амалга оширишда мамлакатимиз германиялик ҳамкасблари билан ўзаро ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлиги билдирилди.
Брифингда Ўзбекистон-Германия савдо-иқтисодий ҳамкорлигини, шунингдек, туризм, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларини кенгайтириш, Германия инвестициялари ва замонавий технологияларини Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилиш, тўғридан-тўғри таъсир кўрсатадиган қонунлар қабул қилиш, бюджет сиёсатида парламент назоратини амалга ошириш бўйича тажриба ўрганиш ва алмашиш масалалари кўриб чиқилди.
Тадбир якунлари бўйича томонлар парламентлар ўртасида тизимли мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.






