Яқинда мамлакатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифлари чоғида «Бунёдкор» маҳалласига боргани ва у ердаги ҳақиқий ҳолатни ўз кўзлари билан кўргани, халқ билан бевосита мулоқот қилгани барча ОАВлар орқали намойиш этилди. Мазкур ташрифдан сўнг fasebook ижтимоий тармоғидаги "ХАЛК НАЗОРАТИ - НАРОДНЫЙ КОНТРОЛЬ" гуруҳида мамлакатимиз раҳбарининг “Наманганга ташрифидан сўнг” деб изоҳ берилган фотосурат жойлаштирилди ва бу ҳолат кўплаб омма эътиборини мулоҳазаларга чорлади.
Юнусобод туман ҳокимлиги Таҳлилий-назорат гуруҳи раҳбари, Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзоси Муслимбек ТУРДИЕВнинг маълум қилишича, аслида мазкур фотодаги жараён Накануне.RU ахборот хизмати томонидан эълон қилинган хабарда бундан 2 йил олдин, яъни 2019 йил январь ойида Россия Федерацияси Свердловск вилояти Гагарин кўчаси рўй берганлиги айтилган. Қайд этилишича, мазкур 3 қаватли иншоот сифатсиз таъмирланиши натижасида устки қопламаси кўчиб тушган ва махаллий аҳоли томонидан суратга олиниб, ижтимоий тармоқларга жойланган.
– Мамлакатимизда олиб борилаётган улкан ислоҳотлар моҳиятини тушуниб етмаган ёки тинч-тотувлигимизни кўролмай унга раҳна солишга уринаётган кимсалар ижтимоий тармоқларда турли хил бўхтонлар уюштириб, жамоатчиликни чалғитишга уринмоқда. Халқимизда “Қинғир ишнинг қийиғи 40 йилда ҳам чиқади”, деган пурмаъно нақл бор. Аммо бугунги шиддатли замонда бундай ишларнинг умри 40 соатга ҳам бормаётганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Кўриб турганиздек, ҳолат аслида хорижда юз берган ва ижтимоий тармоқларга жойланган. Буни эса айрим чаққон иғвогарлар “ўзимизники” қилиб ёпиштиришга уринмоқда. Мамлакатимизда сўз эркинлиги бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлардан фойдаланган фикри бузуқ кимсалар омма эътиборини салбий руҳда фикрлашга ундамоқда. Уларни бир сўз билан ватанимиз, халқимиз, бугунги тараққиётимизнинг душманлари деб эътироф этиш ўринли. Халқимизни бундай ёвуз кимсаларнинг фикрларига чалғимасликка, ҳар бир ходисага аниқ мезон асосида тўғри ёндашишлари керак эканлигига чорлаб қоламан, , – дейди Муслимбек ТУРДИЕВ.






