Ҳудудларни ривожлантириш бўйича белгиланган вазифаларнинг бажарилиш ҳолатини ўрганиш, халқ билан мулоқот қилиш ва мавжуд муаммоларга ечим топиш мақсадида Хоразм вилоятида бўлган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдулла Рўзметов воҳадаги учрашувини Урганч шаҳри “Янгиҳаёт” маҳалласи аҳолиси билан мулоқот қилишдан бошлади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати хабар берди.
Мулоқотлар давомида маҳалла фуқаролари ички йўлларни таъмирлаш, тунги ёритиш чироқларини ўрнатиш, шаҳар марказига қатновчи транспорт машурт йўналишларини узайтириш, газ ҳисоблағичлар билан боғлиқ муаммоларни ўртага ташлади.
“Янгиҳаёт” маҳалласида яшовчи Р.Рўзимбоев хонадонига ўрнатилган замонавий газ ҳисоблаш ускунасининг носозлиги, бу бўйича ҳудуддаги газ таъминоти корхонасига мурожаат қилгани, лекин ҳеч қандай натижа бўлмаганини айтиб, табиий газни ҳисобга олиш ускунасини (ҳисоблагични) ечиш қиёслашдан ўтказишда халқ вакилидан кўмак сўради.
Депутат бу масала маҳалладаги кўплаб фуқароларни қийнаётганини инобатга олиб, муаммони ўз назоратига олган ҳолда тегишли ташкилотлар билан биргаликда уни ижобий ҳал этишини билдирди.
Мансурбек Отажонов ўз мурожаатида кўп йиллардан буён кўча йўлларидаги чуқурларда қор-ёмғир сувларининг тўпланиб қолиши натижасида мактабга қатновчи болалар қийинчиликларга дуч келаётганини айтди.
Халқ вакили шаҳар ҳокими билан биргаликда жорий йилда энг биринчи навбатда зарур бўлган шу каби асосий кўчаларнинг йўлларини таъмирлашда кўмак беришини, бу масалани ўз назоратига олишини таъкидлади.
Саъдулла Ниёзов ўз мурожаатида “Нажмиддин Кубро” кўчаси асосий катта кўчалардан бири эканлиги, фарзандлари мактабга шу кўчадан қатнашини айтиб, фуқароларнинг ҳавфсизлиги учун кўчага пиёдалар йўлакларини ўрнатиш лозимлигини билдирди. Фуқаро Абдулла Каримов эса симёғочлар ва электр симлари эскиргани, уларни бетон симёғочларга ва янги электр симларига алмаштириш, тунги ёритиш чироқларини ўрнатиш бўйича мурожаат қилди.
Ҳар иккала масала депутат томонидан назоратга олиниб, ечими юзасидан тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови юбориладиган бўлди.
Халқ ноибининг учрашувлари Урганч марказий деҳқон бозорида давом этди. Депутат бу ерда бозордаги нарх-наво барқарорлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар билан қизиқди. Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатини назорат қилувчи лаборатория фаолияти ўрганилди.
Ўрганишлар жараёнида “Элга хизмат” расталаридаги гўшт маҳсулотлари тадбиркорлар томонидан сотилаётган гўшт нархига нисбатан анча арзон, яъни 45 минг сўмдан сотилаётгани аён бўлди. Халқ вакили сотувчилар ва ҳаридорлар билан суҳбатлар жараёнида мазкур нархдан ва гўшт сифатидан қанчалик қониқишларини сўради. Кимдир бу гўштларнинг сифати яхши эмаслигини, кўпроқ суякли қилиб тортилишини айтса, кимдир бунга эътироз билдирмади.
А.Рўзметов февраль ойида вилоят деҳқон бозорларида сотиладиган асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг энг юқори чекланган нархлари бўйича вилоят ҳокими тасдиқлаган жадвал асосида нархларни ўрганар экан, нархлар сезиларли фарқланмаслигига гувоҳ бўлди. Лекин гуруч расталаридаги нархлар анча қимматлиги маълум бўлди.
Бозор маъмурияти вакилларининг айтишича 2020 йил октябрдан 2021 йил сентябрь ойигача мўлжалланган заҳирага 200 тонна гуруч жамғарилиб, бугунги кунда шундан 60 тонна гуруч қолган. Бу олдимиздаги шоли пишиғигача етадими? Масаланинг яна бир томони шундаки, бу заҳира фермерлардан арзон нархда шоли олиниб шакллантирилган.
Асосий мақсад гуруч тақчиллигининг ва нархларнинг ошиб кетмаслигининг олдини олиш ҳамда аҳолига арзон нархда шоли мавсумига қадар гуруч етказиб бериш бўлган. Аммо, фермер хўжаликларидан олинган шолининг пулини қайтариш мақсадида заҳирадаги маҳсулотнинг катта қисми тезда сотиб юборилган.
Вилоят марказидаги бозорда аҳвол шу бўлса туманлардаги деҳқон бозорларида озиқ-овқат ҳавфсизлиги бўйича йиғилган заҳиранинг ҳолати қандайлиги кишини тажублантиради. Агар бу борада ўз вақтида зарур чора-тадбирлар кўрилмаса, бозорларда маҳсулот таннархи ошиб кетиши мумкин.
Ўрганишлар якунида аниқланган масалалар юзасидан муҳим вазифалар белгилаб олинди.






