АсосийJamiyat

Қурилишдаги камчилик сабаб истeъмолчиларга 23 миллион сўм ундириб бeрилди

'Қурилишдаги камчилик сабаб истeъмолчиларга 23 миллион сўм ундириб бeрилди'ning rasmi

Олтиариқ тумани Гулистон маҳалласида яшовчи Ойгул Тусматова  хонадонига ўрнатилган АКФА эшик ромлари билан боғлиқ муаммо юзасидан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиҳ жамиятлари федерациясига мурожаат келиб тушган. 

«Биз янги қурилган хонадонимизга АКФА эшик ромларини ўрнатиб бериши учун якка тартибдаги тадбиркор И.Олимжоновга 11 000 000 (ўн бир миллион) сўм пул бергандик. Лекин унинг томонидан ўрнатилган эшик ромлар талаб даражасида ўрнатилмаганлиги боис турли муаммолар келиб чиқди. Аммо шу кунга қадар камчиликларни бартараф этмасдан келмоқда. Натижада биз янги қурилган хонадонга кўчиб чиқа олмаяпмиз» - дейди О.Тусматова ўз мурожаатида.

Федерация  ходимлари мурожаатни ўрганиш ва ҳолатни жойида кўриб чиқиш асносида хонадонга ўрнатилган эшик ромларнинг ҳудудда 20-21 январь кунларида кузатилган қаттиқ шамолдан сўнг ўрнидан кўчиб, бир қисми носоз ҳолатга келганлигига гувоҳ бўлдилар.

Амалдаги «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддасида, ижрочи ишда (хизматда) жиддий нуқсонларга йўл қўйган бўлса, истеъмолчи ўз хоҳишига кўра нуқсонлар бепул бартараф этилишини, бажарилган иш (кўрсатилган хизмат) баҳоси нуқсонларга мутаносиб равишда камайтирилишини, ҳудди шундай сифатли шу хилдаги материалдан бошқа буюм бепул тайёрлаб берилишини ёхуд ишнинг такроран бажарилишини ёинки шартнома бекор қилиниб, кўрилган зарар тўлиқ қопланишини талаб қилишга ҳақлилиги белгилаб қўйилган.  

Ушбу талаблардан тўғри хулоса чиқарган ижрочи ўрганиш ишлари доирасида камчиликларни тўлиқ бартараф этиб, ўзининг зиммасидаги вазифаларни тўлиқ адо этди.

Яна бир мурожаат Қашқадарё вилоятининг Лаганди қишлоғида яшовчи фуқаро Сиддиқжон Туйғунов ҳам Федерацияга мурожаат қилиб, Қарши шаҳри И.Каримов кўчасида қурилаётган кўп қаватли уйлардан сотиб олиш мақсадида «Насаф автотранс қурилиш» МЧЖ билан шартнома расмийлаштирганлиги, шартномада уйнинг ҳар бир квадрат метри 3 миллион 250 минг сўмдан баҳоланиб, жами 308 миллион 360 минг сўмга сотиб олишга келишилганлиги ва 77 миллион 90 минг сўм миқдорида банкка аванс тариқасида тўловни амалга оширганлиги, бироқ қурувчилар томонидан уй сифатли қуриб топширилмасдан келинаётганлиги маълум қилинган.

С.Туйғуновнинг мурожаатини ўрганиш жараёнида аниқланишича, «Насаф автотранс қурилиш» МЧЖ ва истеъмолчи ўртасида хонадоннинг олди-сотди шартномаси 2018 йилнинг 22 декабрида тасдиқланган бўлиб,қурилган уйдаги камчиликлар қурувчи томонидан белгиланган муддатларда бартараф этилмасдан келинган.

Мурожаатни ўрганиш давомида уйнинг қурилишидаги камчиликлар ўрганилиб, бугунги бозор нархида қайта ҳисоб-китоб қилинди ва қурилиш ташкилоти ва истеъмолчининг ўзаро келишувига мувофиқ фуқаро С.Туйғуновга мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун 12 миллион сўм ундириб берилди.

    Бошқа янгиликлар