АсосийJamiyat

Ҳокимлик юридик хизматидаги 12 ходимининг мартаба даражаси пасайтирилди

'Ҳокимлик юридик хизматидаги 12 ходимининг мартаба даражаси пасайтирилди'ning rasmi

Қонунларнинг мақбуллиги, мукаммаллиги, ошкоралиги, халқчиллиги ва самарадорлигини таъминлаш ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти шаклланишида муҳимдир. Мазкур жараёнда адлия органларининг олдида турган долзарб масалалардан бири маҳаллий норма ижодкорлигини янада такомиллаштириш ва ҳокимликнинг бу борадаги фаолияти устидан тизимли назорат ўрнатиш ҳисобланади.

Шу билан бирга, жойларда юзага келаётган бир қатор муаммолар ҳам борки, уларни ўз вақтида ва самарали ҳал қилинмасдан қолмоқда.

Ҳокимликлар томонидан коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган, тадбиркорлар учун ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган, ваколат доирасига кирмайдиган айрим ҳужжатларнинг қабул қилиниши ҳамон учрамоқда. 

Мазкур муаммолар ўз ортидан яна бир қатор ҳолатларни юзага келтириб чиқариши мумкин. Мисол учун, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига путур етказилиши, давлат ҳокимияти идораларига нисбатан фуқароларнинг ишончи пасайиши, ноқонуний қабул қилинган қарорларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, прокуратура ва суд органлари томонидан бекор қилиниши ва ҳоказо.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга мурожаатномаларида “охирги икки йилда ҳокимларнинг 2,5 мингга яқин қарори судлар томонидан бекор қилинганлиги” танқид остига олинди.

Айрим ҳокимликлар юридик хизмат ходимлари томонидан ўз мажбуриятлари ва функциялари зарур даражада бажарилмаганлиги оқибатида ҳокимликларни ҳуқуқий таъминлаш талаб даражасида таъминланмаганлиги бир қатор жиддий хато ва камчиликлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Шунга кўра, адлия органлари томонидан ҳокимликларнинг юридик хизматлари фаолияти ўрганилганда қуйидагилар аниқланди:

🔹 айрим ҳокимликларнинг юридик хизмат ходимлари хизмат мажбуриятларини ўз вақтида ва сифатли бажармаяпти;

🔹 ҳокимликлар томонидан қабул қилинган қарорлар ва фармойишлар прокуратура, суд, адлия ва бошқа органлари таъсир чоралари асосида бекор бўлмоқда;

🔹 юридик хизмат ходимлари устидан кўплаб шикоятлар келиб тушмоқда;

🔹 хизмат вазифаларини мунтазам равишда етарлича бажармаслик одат тусига айланиб бораяпти.

Бу каби аниқланган тизимли камчиликларга йўл қўйган, зиммасига юкланган функцияларни ўз вақтида ва мунтазам равишда лозим даражада бажармаётган Асака, Жиззах ва Хонобод шаҳар ҳокимликлари ҳамда Боғот, Жондор, Косонсой, Навбаҳор, Нишон, Сариосиё, Тошлоқ, Ховос, Қонликўл туман ҳокимликлари юридик хизмат ходимларининг мартаба даражалари бир поғонага пасайтирилди

Кўрилаётган ушбу чоралардан асосий мақсад ҳокимликлар фаолиятида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари поймол бўлиши ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз харажатлар қилишга олиб келувчи ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган қоидалар ва нормалар ўрнатилишини олдини олишдир.

Келгусида қонун ҳужжатлари билан ўзига юклатилган вазифа ва функцияларни етарлича бажармаётган, жумладан Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари ижроси таъминланишини назорат қилмаган барча давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат ходимларига ҳам шундай чоралар кўрилади.

    Бошқа янгиликлар