АсосийJamiyat

Президент Уруш ва меҳнат фахрийлари пансионатидаги нуронийлар ҳолидан хабар олди

'Президент Уруш ва меҳнат фахрийлари пансионатидаги нуронийлар ҳолидан хабар олди'ning rasmi

6 март куни Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросим тугагач, Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги Уруш ва меҳнат фахрийлари мурувват уйига ташриф буюриб, республика саховат ва мурувват уйларида истиқомат қилаётган қариялар билан видеоконференция орқали мулоқот қилди, деб хабар берди Даракчи мухбири.

 Ётоқхона ва даволаш хоналарида яратилган шароитларни кўздан кечирди. Мулоқот чоғида давлат раҳбари барча мурувват уйларида яшовчи қарияларнинг муаммолари ёки таклифларини сўради. Президентнинг "Ёки муаммо йўқ деб айтинглар, дея ўргатишганми?" – деган саволидан сўнг ўртада кулгу кўтарилгач, нуронийлар бир-бир пансионатдаги шароитлар ҳақида гапиришди.

- Бу ерга келиб, Ватанимиз учун кўп меҳнат қилган сиздек мўътабар инсонлар билан учрашиб турганимдан жуда хурсандман. Фурсатдан фойдаланиб, бу ердаги азиз онахонларимизни, шифокор аёлларимизни яқинлашиб келаётган 8 март байрами билан табриклайман, - деди Шавкат Мирзиёев.

Нуронийлар давлатимиз раҳбарига ташрифи, кекса авлодга эътибори учун миннатдорлик билдирди.

Уруш ва меҳнат фахрийлари пансионатида 138 нуроний давлат таъминотига олинган. Президентимиз бу ерда маданий тадбирлар ўтказиш учун янги бино ҳамда пансионатга туташ 3 гектар майдонда Нуронийлар паркини барпо этиш бўйича мутасаддиларга кўрсатма берди.

Видеоконференция тарзида ўтган учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар, ижтимоий муассасалар раҳбарлари ҳам иштирок этди. Мамлакатимиздаги «Саховат» ва «Мурувват» уйларидаги шароитларни, тиббий-ижтимоий хизматларни яхшилаш масалалари муҳокама қилинди.

- Бугун бошқача учрашув бўлади. Фақат бу пансионат эмас, мамлакатимиздаги барча 34 та «Саховат» ва «Мурувват» уйини яхшилаш чораларини келишиб оламиз. Уларда жами 9 минг 700 ўрин мавжуд бўлиб, ҳозирда 8 минг 840 нафар нуронийларимиз яшаб, даволаняпти. Лекин бу уйларга ҳеч ким кирмаган, фақат байрамлардагина эсланган, тартиб, эътибор бўлмаган. Бундай инсонлар меҳр излайди, эътибор излайди. Уларнинг дуосини олсак, юртимизга барака ёғилади, - деди Президент.

«Саховат» ва «Мурувват» уйларидаги тиббий ускуна ва жиҳозларни янгилаш, замонавий физиотерапия бўлимлари ташкил қилиш бўйича топшириқ берилди. Барча муассасаларга автобус совға қилиб, юртимизнинг диққатга сазовор жойлари ва зиёратгоҳларга саёҳатларини уюштириш, концерт дастурлари, ҳаваскорлик тўгараклари ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.  

Соғлиқни сақлаш вазирлигига барча “Саховат” ва “Мурувват” муассасаларидаги шароитларни яхшилаш, озиқ-овқат ва дори-дармон таъминоти меъёрларини қайта кўриб чиқиш вазифаси қўйилди.

    Бошқа янгиликлар