Энди Чимёнда тоғ чанғиси ва сноуборд бўйича Халқаро мусобақаларни ўтказиш мумкин. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги хабар берди.
2020 йил 4 февралдаги Президент қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда қишки спорт турларини 2020-2023 йилларда ривожлантириш Дастури ижросини таъминлаш мақсадида, Спортнинг қишки ва мураккаб техник спорт турлари бўйича республика олий спорт маҳорати мактаби Ўзбекистон чанғи спорти федерацияси билан ҳамкорликда чанғида учиш трассасини сертификатлаштириш (гомологация) масаласини ҳал этиш юзасидан ўзаро келишиб олишди.
Гомологация шартларига асосан FIS (Халқаро чанғи федерацияси) пойга йўллари қоидалари, чанғи учиш трассаларининг узунлиги ва баландлигининг фарқлари жаҳон стандартларига, авваламбор хавфсизликка мос келиши шарт эканлиги белгиланган.
Ўзбекистондаги чанғи трассаларига қўйиладиган умумий талабаларни ўрганиб чиқиш учун FIS (Халқаро чанғи федерацияси)нинг трассалар бўйича Қозоғистон Республикасидаги расмий ваколатли инспектори Андрей Обискалов юртимизга ташриф буюрди.
Спортининг қишки ва мураккаб техник спорт турлари бўйича республика олий спорт маҳорати мактабининг Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани "Чимён" қишлоғида жойлашган «Пахтакор» спорт базаси ва унга туташ бўлган иккита дор йўлига яқин жойлашган чанғида учиш трассасини сертификатлаштириш (гомологация) А.Обыскалов томонидан текширувдан ўтказилди ва 4 та сертификат топширилди.
Бугунги кунда чанғи трассаларида тақдим этилган Чимён-2, Чимён-ААА сертификатларига асосан спортнинг тоғ чанғиси ва сноуборд турлари бўйича (слалом-1, слалом-2, гигант слалом, паралел слалом) тўрт йўналишда нафақат Республика, балки халқаро миқиёсдаги мусобақаларни ташкил этиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги маротаба ушбу тадбир (гомологация) халқаро мусобақалар ўтказилишидан олдин 1984 йилда амалга оширилган эди.
Спортнинг қишки ва мураккаб техник спорт турлари бўйича республика олий спорт маҳорати мактаби томонидан амалга оширилган ушбу ишлар Ўзбекистонда спортнинг тоғ чанғиси ва сноуборд турлари ривожини янги босқичга олиб чиқишга имкон беради.