Ижтимоий тармоқларда «Grand Soft Invest» масъулияти чекланган жамияти томонидан тақдим этилган ««Tez Chat» мобил иловалар учун кўп функцияли мессенжер платформа» инновацион лойиҳаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан рад этилгани муҳокамаларга сабаб бўлди.
Рад этилганлик ҳолати бўйича Инновацион ривожланиш вазирлиги баёнот берди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу вазирлик илмий ва стартап лойиҳалар танловини ўтказиш, уларни молиялаштириш, мониторингини амалга ошириш учун масъул давлат органи ҳисобланади.
Баёнотда маълум қилинишича, экспертлар «Grand Soft Invest» МЧЖ томонидан тақдим этилган инновацион лойиҳа асосида илмий тадқиқот ишлари мавжуд эмаслигини аниқлашган.
" – Мазкур лойиҳа муаллифлари ушбу лойиҳани бажариш учун тўрт миллиард икки юз йигирма миллион тўққиз юз йигирма тўрт минг сўм миқдорида пул маблағлари сўраган. Танлов натижаларига кўра вазирлик томонидан берилиши лозим бўлган бу пуллар бюджет маблағлари бўлиб, халқнинг пулидир. Экспертлар томонидан салбий баҳоланган, ҳатто мазкур лойиҳа раҳбари ўзи лойиҳанинг камчиликлари бор, деб турган пайтда мана шу маблағнинг ажратилиши бу халқимизга, давлатимизга хиёнат бўлади.
Ўз навбатида лойиҳа раҳбари танлов натижаларидан норози эмаслигини билдирган. Лойиҳа раҳбари Зайнидинов Ҳакимжон Насиридиновичнинг «Grand Soft Invest» масъулияти чекланган жамиятида фаолият юритмаслиги ҳам танлов шартларининг қўпол бузилиши саналади. Мазкур танлов натижаларидан лойиҳа топширган корхона раҳбари норози, лойиҳа раҳбари эмас. Ваҳоланки, пул маблағларидан лойиҳа раҳбари фойдаланади ва илмий тадқиқот учун ҳам шахсан Ҳакимжон Зайнидинов масъул ҳисобланади", - дейлади баёнотда.
Шу ўринда мазкур танлов Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан қайта эълон қилингани маълум қилинади. Танлов билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин: https://mininnovation.uz/uz/competitions/2927. Шу йўналиш бўйича тадқиқотлар олиб бориш истагида бўлган барча илмий жамоаларни, хусусан Grand Soft Invest» масъулияти чекланган жамияти илмий жамоасини ҳам мазкур танловда иштирок этишга таклиф этилди.