Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани тез тиббий ёрдам бўлими шохобчаси шифокори М.Х. “Халқобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги турар жойга тунги соат 23:30 да етиб борганида уйдан чиқиб келган Д.О. беморни кўрсатиш ўрнига шифокорга ташланган. “Нега хабар тушгандан сўнг ўз вақтида келмайсан”, дея унга тан жароҳатлари етказган. Бу ҳақда “Роstdа” мухбири хабар берди.
Жабрланувчига ёпиқ краниофациал травма, бош мия лат ейиши, бурун суяги ёпиқ синиши, бурун соҳаси урилиб йиртилган жароҳати, бош-энса тепа, пешона соҳаларининг юмшоқ тўқималари лат ейиши ташхиси билан республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Жиззах филиали жонлантириш бўлимига ётқизилган. Ҳолат бўйича тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилди.






