АсосийJamiyat

Самарқандда байрам куни меҳмонга борган куёв қайнотаси ва унинг укасини пичоқлади

'Самарқандда байрам куни меҳмонга борган куёв қайнотаси ва унинг укасини пичоқлади'ning rasmi

2021 йил 8 март куни Каттақўрғон шаҳри “Оқ олтин” маҳалласида яшовчи Қ.Б. қайнотасиникига меҳмонга бориб, спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолатда ўзаро келиб чиққан жанжал давомида қайнотаси ва унинг укасини ошхона пичоғи билан уриб тан жароҳати етказган. Бу ҳақда "darakchi.uz"га Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар берди. 

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Шунга кўра, Самарқанд вилояти прокурори Р.Машарипов, вилоят ИИБ бошлиғи Ш.Рахмонов, Каттақўрғон шаҳар ҳокими, секторлар ҳамда корхона ташкилот раҳбарлари, жиноят содир этган фуқаро ҳамда маҳалла фаоллари иштирокида ушбу жиноятининг муҳокамаси ўтказилди.

Дастлаб шаҳар ИИБ Тергов бўлими бошлиғи томонидан содир этилган нохуш ҳолат сабаблари ва унинг оқибатлари жамоатчиликка атрофлича етказилди.

Вилоят ИИБ бошлиғи ҳар бир фуқаро бундай салбий ҳолатларни содир бўлишига томошабин бўлиб эмас, балки уни олдини олишга ҳаракат қилиши, маҳаллада бўлаётган нохуш ҳолатларга барча масъулиятни хис этган ҳолда ёндошиши лозимлиги тўғрисида фикр билдирди.

Муҳокамада ушбу жиноятни содир қилган шахс, унинг яқинлари ҳамда жабрланувчи тарафга  ҳам сўз берилди.

Вилоят прокурори томонидан бир инсонга қасддан зарар етказишнинг оқибатлари, фуқароларни бир-бирларига меҳр-оқибатли бўлиб, жамоатчилик назоратини кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Муҳокама йиғилиши якунида туман ҳудудида бу каби жиноятларни содир этилишига йўл қўймаслик юзасидан тегишли мутасаддиларга муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилган. 

 

    Бошқа янгиликлар