АсосийJamiyat

Тошкент вилояти ҳокими ҳам қарорларни электрон имзолашни бошлади

'Тошкент вилояти ҳокими ҳам қарорларни электрон имзолашни бошлади'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 апрелдаги 218-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан ҳоким қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон “E-qaror” тизими ишлаб чиқилди.

Жорий йилнинг 9 март куни Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи электрон қарори “E-qaror” ягона электрон тизими орқали қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди. 

Тизим 2021 йил 1 июлдан республикадаги барча ҳокимликлар фаолиятига жорий этилади.

Тизимнинг афзалликлари нимада?

1. Қонунийлик ва қонун устуворлиги таъминланади.

- қабул қилинган ҳоким қарорларини ноқонуний ўзгартириб қўйиш ёки қалбакилаштириш имкониятига барҳам берилади;

- ҳоким қарори лойиҳасини ишлаб чиқишдан бошлаб қабул қилишгача бўлган барча жараёнлар адлия органлари томонидан мониторинг қилиб борилади;

- тизимга барча вазирлик ва идоралардан турли экспертизалардан ўтказилган 100 га яқин ҳоким қарорларининг намуналаридан фойдаланиш имконини беради.

2. Ҳокимлар фаолиятида шаффофлик кучайтирилади.

- “E-qaror” электрон тизими орқали қабул қилинган ҳар бир қарорларга 
e-qaror.gov.uz сайтида такрорланмайдиган махсус рақам берилади ва автоматик тарзда эълон қилинади;

- ҳокимликнинг норма ижодкорлиги жараёни устидан жамоатчилик назоратини ўрнатилади.

3. Соҳага ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилади.

- ҳокимлар томонидан қабул қилинадиган қарорларни келишиш, рўйхатга олиш ва уларга такрорланмайдиган махсус рақам бериш жараёнлари электрон тарзда амалга оширилиши меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилади.

4. Фуқароларнинг жамоатчилик назоратидаги ўрни ва роли ошади.

- фуқароларнинг маҳаллий норма ижодкорлиги жараёнида фаол иштироки таъминланади;

- ҳокимликлар томонидан фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ 
ва эркинликлари поймол қилинишига чек қўйилади;

- ҳокимлик томонидан коррупция, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган қоидалар ва нормалар ўрнатилиши олди олинади.

Эслатиб ўтамиз, Республикада вилоятлар ичида биринчи бўлиб Қашқадарё, туманлар ичида эса энг биринчи Миришкор ҳокими қарорларни электрон имзолашни бошлаган эди. 

 

    Бошқа янгиликлар