Хбар берганимиздек, Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошланди.
Парламент юқори палатасининг ўн учинчи ялпи мажлисида Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи муҳокама қилинди. Мазкур масала юзасидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова ҳисобот берди.
Таъкидланишича, Вакил ва унинг жойлардаги вакили томонидан 7 та асосий соҳа бўйича ишлар қилинган.
Хусусан, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги миллий қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, унга риоя этилишини мониторинг қилиш, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳоли ва давлат органлари вакиллари ҳуқуқий онгини ҳамда хабардорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларига мунтазам кириб туриш орқали қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш соҳасида қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилган.
Шу билан бирга, Вакилнинг аҳоли мурожаатлари билан ишлашда ўтган йилдаги фаолиятига нисбатан ижобий ўзгаришларга эришилган бўлса-да, ҳисибот даврида 176 та мурожаат қонун талабларига мувофиқ белгиланган тартибда аноним, деб топилган. Бироқ мазкур мурожаатларда кўтарилган масалаларни Вакил ташаббуси билан кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилмаган.
Шунингдек, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўлланилишининг олдини олиш мақсадида ўтказилган мониторинглар натижасида тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ҳуқуқий тарғиботнинг самарали ташкил этилмаганлиги оқибатида қамоқда сақлаш жойларида бир қатор камчиликлар ҳамда ўз ечимини кутаётган муаммолар аниқланди. Яъни:
жазони ижро этиш муассасаси ходимлари “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонундан тўлиқ хабардор эмаслиги;
ишлаб чиқаришда меҳнатга жалб қилинган маҳкумлар махсус кийим-бош, пойабзал, бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан тўлиқ таъминланмаганлиги танқид қилинди.
Бундан ташқари, Вакилнинг минтақавий вакиллари ўз фаолиятини тарғиб қилиш ишларини самарали йўлга қўймаганлиги таъкидланди.
Мажлисда сенаторлар томонидан:
“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги ва “Болалар Омбудсмани тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаларини ишлаб чиқиш;
жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига “мониторинг ташрифлари” тизимли йўлга қўйиш;
мурожаатлар билан ишлашда таҳлилларга асосланган ҳолда фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилиши тўғрисида ахборотни шакллантиришнинг ягона мезонини ишлаб чиқиш, шунингдек, аноним мурожаатларни ҳам эътиборга олиш;
Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди кўриб чиқиши учун қонунга мувофиқ масалалар киритиш ваколатидан фаол фойдаланиш тавсия этилди.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга:
бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш ва ушбу соҳадаги халқаро мажбуриятларни бажаришнинг таъсирчан тизимини яратиш мақсадида Бола ҳуқуқларини таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини йил якунига қадар ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун Олий Мажлис палаталарига киритишни;
ваколатли орган томонидан болаларнинг давлат органлари ва мансабдор шахсларга қилган мурожаатларининг тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш ҳамда қаноатлантирилганлиги устидан доимий мониторинг юритиш тизимини жорий этишни;
ҳаракатларида бола ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги аниқланган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли органларга илтимоснома юбориш бўйича фаолиятини кўчайтиришни;
“Меҳрибонлик уйи” битирувчиларини яшаш уйлари ҳамда доимий иш жойлари билан таъминланиши бўйича мунтазам мониторинг ўрнатиш борасида тавсиялар билдирилди.
Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.