Олий Мажлис Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси кун тартибидаги навбатдаги масала – Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2020 йилда ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг ҳолати ҳақидаги ахбороти эшитилди.
Таъкидланишича, “Бепул ҳуқуқий маслаҳат билан ҳар бир уйга” шиори остида ҳуқуқий маслаҳат бериш тизими йўлга қўйилган. Лойиҳа доирасида 5857 та маҳалладаги 78 292 та хонадонда суҳбат ўтказилиб, уларга бепул ҳуқуқий маслаҳат, шу жумладан, “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар” ва ижтимоий ҳимояга оид бошқа лойиҳалар тўғрисида маълумотлар берилди.
Пандемия даврида @huquqiy_maslahat боти орқали фуқароларнинг 8 мингдан ортиқ саволларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.
Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган ҳуқуқий тарғибот тадбирлари мониторинги натижаларига кўра, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитаси намунали, деб топилди.
Шу билан бирга, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги “Ўзавиация” агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлигининг жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасидаги ишлари қониқарсиз, деб топилди.
Шунингдек, Энергетика вазирлиги томонидан амалга оширилган тарғибот тадбирлари ҳақидаги маълумотлар мониторинг қилиш учун Адлия вазирлигига тақдим этилмаган. Молия вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан маълумотлар мониторинг тугаганидан сўнг кечикиб тақдим қилинган.
" – Бугунги кунда жамиятимизда ҳуқуқий онг ошяптими, деб савол ўртага ташланса, сезиларли даражада ошяпти деб айтишга тўлиқ ҳақлимиз. Буни ижтимоий тармоқлардаги очиқ муҳокамалардан, фуқароларимизнинг ўз позициясини эркин билдира олаётганлигидан ҳам кўришимиз мумкин.
Бироқ фуқароларимизни қизиқтираётган масалалар бўйича Халқ таълими вазирлиги, Давлат тест маркази, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан ўз вақтида ва етарлича муносабат билдирилмаяпти.
Ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича олиб борилган ишлар таҳлили соҳада қатор муаммолар мавжудлигини ҳам кўрсатмоқда. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва ҳуқуқий маданиятни янада юксалтириш мақсадида устувор йўналишлар ҳам белгиланди.
Хусусан, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини баҳолаш тартиби жорий этилади. Унга кўра, давлат ташкилотлари ходимлари ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича ўқитилади ҳамда ҳар уч йилда автоматлаштирилган тизим орқали ҳуқуқий саводхонлик даражаси баҳолаб борилади.
“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази таркибида Инновацион медиа марказ ташкил этилади. Ушбу марказ, қонун ҳужжатлари мазмунини содда, халқчил тилда етказувчи замонавий ахборот-таҳлилий медиа материалларини тайёрлайди ва тарқатади", дейди вазир.
Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.






