Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Адлия вазирлиги масъул ходими Абдурасул Абдушерозов маълумот берди.
Президент Фармонига кўра, бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби доирасида кўп квартирали уй-жойлар қурилади.
Фармон билан 2021 йилда янги тартиб доирасида:
- республика бўйича жами 33 114 та квартира ва якка тартибдаги уй-жойлар;
- қишлоқ жойларда 8 336 та квартирадан иборат кўп қаватли арзон уй-жойлар;
- фуқароларнинг алоҳида тоифалари учун 3 550 та квартирадан иборат кўп қаватли уй-жойлар қурилади.
Шунингдек, 2021 йил учун уй-жойларнинг ҳисобланган қиймати, бир қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредити ва дастлабки бадалнинг бир қисми учун Давлат бюджетидан ажратиладиган субсидияларнинг энг кўп миқдори тасдиқланди.
Жисмоний шахсларга якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун кредитларни ажратиш тартиби барча ҳудудларда жорий этилди (илгари Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида жорий этилган).